Қозоғистоннинг Ўрол шаҳрида Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинган

5 йил давомида Россияда яшаб ишлаган Собир Носиров қидирувда бўлганлиги учун Қозоғистон чегара хизмати томонидан қўлга олинган.

“Акромийлар” диний экстремистик ташкилотида иштирок этганликда айбланаётган меҳнат муҳожири Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкин.

Собир Носиров ўзига қўйилган барча айбловларни рад этмоқда.

Ҳибсга олинганига 3 ҳафтадан ошган Носировнинг олдига яқинлари ва адвокат қўйилмаётгани айтилмоқда.

39 ёшли Собир Носиров Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида қурилиш объектларида ишлаган.

Россияда юриш ҳуқуқини берувчи миграция қоғози муддати битган шу йилнинг 23 июл куни уни янгилаш мақсадида Қозоғистон ҳудудига ўтади.

Шу куни Қозоғистон чегара хизмати уни Ўзбекистон томонидан қидирувга берилгани учун ҳибсга олади.

Фарғона шаҳри прокуратураси томонидан Ўзбекистон фуқароси Собир Носировга Ички ишлар ходимларига ҳужум қилиш, қурол тортиб олиш, террористик ҳаракатларда иштирок этиш ва тайёргарлик кўриш каби айбловлар қўйилган ва давлатлараро қидирувга берилган.

Жумладан, Собир Носиров 12-13 май куни Андижон воқеаларида бевосита иштирок этмаган бўлса-да, Ўзбекистонда тақиқланган “Акромийлар” диний экстремистик ташкилотда фаол иштирок этгани, ишлаб турган корхонасидан оладиган маошнинг 1/5 қисмини ушбу ташкилот жамғармасига ўтказганлиги айтилади.

Ўрол шаҳри маҳкамаси 23 июл куни ушбу қидирув бўйича Собир Носировни Ўзбекистондан экстрадиция қилиш бўйича сўров келгунча 1 ой муддатга ҳибсда ушлаб туриш юзасидан қарор чиқарди.

Носиров ўзига қўйилган барча айбловларни рад этган, ўзининг оддий меҳнат муҳожири эканлигини таъкидлаган.

Қидирувга берилган шахс паспортидаги маълумотлари ўзиники билан мос келмаслигини таъкидлаган.

“Собир Носиров маҳкамада ҳеч қандай жиноий ҳаракатларда иштирок этмагани ва Россияга 2005 йили чиқиб кетгани ҳамда қидирувдаги шахс билан паспорт рақамлари тўғри келмаслигини айтган”, - дейди ушбу жараённи яқиндан кузатиб бораётган Инсон ҳуқуқлари бюросининг Ғарбий Қозоғистон вилояти бўйича директори Павел Кочетков.

Павел Кочетковнинг айтишича, Носиров ҳибсга олинган вақти унинг ёнида 20 минг Россия рубли ва мобиль телефони бўлган. Ушбу ашёлар айни дамда йўқолган.

Томск шаҳридан Собир Носировга ёрдам кўрсатиш учун келган Ўзбеклар жамиятининг вакили Шуҳрат Бегматов унинг 5 йил давомида Ўзбекистонга келмаганлик сабабини қуйидагича изоҳлайди:

“Ўзбекистон Андижон воқеасида қатнашган ва қатнашмаганни, атрофда кўриниб қолган ҳаммани қидирувга бериб юборган. Давлат назоратчилари ҳамманинг уйига бориб, текширавериб бездириб ташлаган. Вазият тинчигунча бошқа шаҳарда яшаб турайлик деб чиқиб кетган”, - дейди Шуҳрат Бегматов.

Носировнинг ишини кўриб чиқиш учун қийинчилик билан адвокат топилган.

Маҳаллий адвокатлариннг аксарияти бу давлатлараро иш бўлгани учун ва тажрибаларида бундай ишлар кўрилмагани учун уни ҳимоя қилишдан бош тортишган.

Инсон ҳуқуқлари бюросининг саъй-ҳаракатлари билан шу кунларда адвокат топилган ва у Носиров билан учрашиш учун уринмоқда.

24 август куни маҳкама томонидан ҳибсда ушлаб туриш тўғрисида чиққан қарорнинг муддати тугайди.

Ўзбекистон томонидан қўшимча сўров келмаса, Собир Носиров қўйиб юборилиши керак.

Лекин воқеани яқиндан кузатаётганлар Носировнинг қўйиб юборилиши қийин масала эканлигини айтишади.

“Воқеанинг ичида туриб шу нарсага амин бўлиб турибманки, буларга пастдан киришнинг иложи йўқ. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилар ва давлат мулозимлари аралашмаса бўлмайди”, - дейди Россиядаги Ўзбеклар жамияти вакили Баҳром Ёқубов.

Бунгача Қозоғистонда ўзбекистонлик бошпана изловчиларнинг ватанига экстрадиция қилиб юбориш ҳоллари бўлган.

Шу йилнинг июн ойида бир йиллик ҳибсда ушлаб туришдан сўнг ўзбекистонлик 28 бошпана изловчи Тошкентга экстрадиция қилинган.

Бошпана изловчиларнинг айримларида БМТнинг томонидан қочқин мақоми бўлган.

Ўзбекистон ушбу бошпана изловчиларни конституцион тузумга тажовуз қилишда айблаган.

Қозоғистоннинг ушбу амали халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар томонидан танқид қилинган.