Бойқонурдаги бешта болалар боғчасида портловчи моддалар топилди

Image caption Шу ой бошида Комсомольск-на-Амуредаги болалар боғчасида юз берган портлаш кучли акс-садоларга сабаб бўлди

Қозоғистоннинг Бойқонур шаҳрида бир вақтнинг ўзида бешта болалар боғчасида портловчи моддаларнинг нусхалари топилган.

Бу ҳақда журналистларга маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари билдиришган.

Қозоғистонлик полиция ходимларига кўра, душанба куни боғча мудиралари ўйин майдончаларидан симлар билан уланган батарейка ва пластилинга ўхшаш моддалар жойлаштирилган шубҳали металл қутилар ва патронлар жойланган пакетлар топишганини хабар беришган.

"Шундан сўнг олиб борилган экспертиза жараёнида ўйингоҳлардан топилган буюмларнинг портловчи моддаларнинг асоси экани аниқланган. Уларни ясашда эса, "Калашников" автоматининг 7.62 калибрли ҳарбий патронларидан фойдаланилган", деб айтган Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги номаълум манба.

Аён бўлишича, тўртта боғчада шубҳали қутилар аниқланган бўлса, бешинчисида 50 та патрон солинган полиэтилен пакет топилган.

Бойқонур шаҳар Ички ишлар бошқармаси "қуроллар ва портловчи моддаларни ноқонуний тарқатиш" ва "безорилик" моддалари бўйича жиноий иш очган.

Полиция, яна шунингдек, нега юз берган ҳодиса юзасидан ўзларига вақтида хабар берилмагани сабабларини ҳам ўрганмоқда.

Бойқонур шаҳри ва у ерда жойлашган космодромни Россия ижарага олган. Шу сабабдан ҳам, шаҳар Россия учун федерал аҳамиятга эга, деб кўрилади.

Қўпорувчи-рецидивист

Шу йилнинг 2 август куни эса, Комсомольск-на-Амуре шаҳридаги 80-сонли болалар боғчасида юз берган портлаш кучли акс-садоларга сабаб бўлганди.

Яъни, унча катта бўлмаган қути болалар боғчаси даҳлизида 5 яшар қизчанинг қўлида портлаб кетади.

Портлаш оқибатида қизчанинг кўзлари ва қўллари биринчи ва иккинчи даражали куяди.

Аммо Хабаровскдаги касалхона шифокорлари қизалоқнинг кўриш қобилиятини асраб қолишади.

Ўша куннинг ўзида юз берган ҳодисага алоқадорлик гумони билан 26 ёшли маҳаллий фуқаро ҳибсга олинади.

Тергов қўмитасининг маълум қилишича, 2010 йилнинг ноябр ойида гумондорга нисбатан бир қанча жиноий ишлар очилган ва уларнинг барчаси Комсомольск-на-Амуреда портловчи моддалар ўрнатиш билан боғлиқ бўлган. Аммо у ҳеч қачон судланмаган.

Портлашдан сўнг жабрдийда қизча қатнаган болалар боғчасининг қоровули, шифокори ва тарбиячиси ишдан олинган.