'Чегара билмас мухбирлар': 'Ўринбой Усмоновга қўйилган айблар олиб ташлансин'

Матбуот озодлиги учун курашувчи "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоновга қўйилган айбларни буткул олиб ташлашга чақирди.

Ўринбой Усмонов шу йилнинг 13 июн куни ҳибсга олинган ва бир ой ҳибсда ушлаб турилгач, халқаро ҳамжамиятнинг босими остида шартли равишда маҳкамага қадар озодликка чиқарилганди.

Ўтган ҳафта бошланган дастлабки маҳкама жараёнида Ўринбой Усмоннинг қийноққа тутилганлиги тафсилотлари ошкор бўлди.

Ҳимоячисининг унга нисбатан ноқонуний муносабатда бўлинганми-йўқлиги ҳақидаги саволга Ўринбой Усмон тасдиқловчи жавоб берган.

У, шунингдек, иқрорномага имзо чекишга ҳам мажбурланганлигини айтган.

Жоан Бийр "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти вакили:

Жоан Бийр: Ўтган ҳафта маҳкама бошланганидан кейин кўплар тахмин қилган нарса - ҳибсда ушлаб турилган вақтда унга қилинган ноқонуний муносабат тафсилотлари ошкор бўлди. Ҳозир маҳкама иши Ўринбой Усмоновнинг Тожикистонда фаолияти тақиқланган "Ҳизбут-Таҳрир" исломий ташкилоти аъзолари билан учрашиб, бу ҳақда расмийларга маълум қилмаганига оид айбловлар асосида бўлиб ўтмоқда. Бу - биз учун айблов эмас. Лекин бу журналистик фаолиятнинг таркибий қисми. Ана шу асосда биз маҳкамани айбловларни бекор қилишга даъват қилмоқдамиз. Албатта, унинг қийноққа тутилгани ҳақидаги иқроридан биз даҳшатга тушдик. Унинг қўлини сигарет чўғи билан куйдиришибди. Бу даъволар жиддий равишда текширилиши керак. Ва бу каби муносабатга масъуллар жавобгарликка тортилиши лозим.

Би-би-си: Лекин расмийлар мамлакатдаги исломий экстремизмга қарши курашаётганликлари ва бу кураш анчайин мушкул вазифа эканлигини айтмоқдалар...

Жоан Бийр: Фикримизча, Ўринбой Усмонов бу курашнинг қурбонига айланган. Афсуски, у ягона қурбон эмас. Ўтган куз ойларида биз қатор матбуот воситалари тазйиқ остига олинганлиги, қатор веб саҳифлар тўсиб қўйилганлигига гувоҳ бўлгандик. Хуллас, расмийлар томонидан исломчилар ва жангарилар фаолияти ҳақида хабар берганларни уларнинг ўзлари билан бирлаштириш ҳаракатларини кузатмоқдамиз. Бундан ташқари, охирги 2 ой мобайнида "Ҳизбут Таҳрир" аъзоларига қарши курашнинг суръатлари ошганлигини кузатаяпмиз. Ва Ўринбой Усмонов ана шу манзарада ҳисбга олинганлар билан алоқадор қилиб кўрсатиляпти. Бу айбловлар асоссиздир.

Ўз навбатида, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Матбуот эркинлиги бўйича вакили Дуня Миятович ҳибсхонада экани чоғида Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоновга кўрсатилган муносабатдан хавотирда эканликларини билдирган. Миятович хоним шу пайтга қадар ҳам қайта-қайта Би-би-си мухбирига қўйилган айбловларни бекор қилишга чақирганди. Халқаро ташкилот вакилига кўра, журналистнинг қийноққа солингани аён бўлиши ортидан, бу ишнинг зудлик билан ҳал этилиши янада фавқулодда аҳамият касб этади.