ОХҲТ Би-би-си мухбири ҳибсхонада қийноққа тутилганига оид хабарлардан хавотирда

Дуня Миятович
Image caption Миятович хоним бир неча бор Би-би-си мухбирини озод этишга чақириб келган

Оврўпо Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича вакили Дуня Миятович Тожикистондаги Би-би-си мухбири Ўринбой Усмон ҳибсхонада юз тутган муносабатдан хавотирда эканини билдирган. Хўжандда маҳкама иши давом этаётган жаноб Усмон ўтган ҳафта тергов чоғида қандай қийноқларга тутилганини ҳакамга гапириб берди.

Саволга тутилганда, жаноб Усмон 13 июнда ҳибсга олинганида хавфсизлик зобитлари уни қийноққа солишгани, ҳусусан дўппослаб, қўлларини сигарет қолдиқлари билан куйдиришганини айтди.

У, шунингдек, ўзи ўқиб турилган иқрорномани ёзиб имзо чекишга мажбурланганини билдирди.

Миятович хоним бир неча бор Би-би-си мухбирини тез суратларда озод этишга чақириб келган.

Би-би-си ундан қийноқлар борасида қалқиб чиққан янги маълумотга муносабати ҳақида сўради.

Миятович: Мен буларни эшитиб аввалгидан ҳам чуқурроқ хавотирга тушганман. Бу масалада Тожикистон ҳукумати мен кутгандек амал қилмади. Ўринбой Усмонов 13 июнда ҳибсга олиниши ортидан хавфсизлик зобитлари томонидан дўппослангани ва ҳатто қўлларига ёниб турган сигарета бостирилганини маҳкамада айтди. Бу ҳар қандай мамлакат учун ҳам ўта хавотирли воқеа. Мен тожик ҳукумати нафақат жаноб Усмонов, балки тутқунликдаги бошқа инсонларга нисбатан ҳам бу каби муносабатни тўхтатишига умид қиламан. Ўринбой Усмонов, шунингдек, мажбурий ҳолда иқрорномага имзо чекканини айтди. Бу ҳам биз айни маҳкама ишида юз тутаётган яна бир муаммо. Мен бу ишни бир неча марта Тожикистон ташқи ишлар вазири билан ҳам, оммавий чиқишларимда ҳам кўтардим. Сўнг қандайдир ижобий ўзгаришлар бўлишини кутгандим ва жаноб Усмонов уй ҳибсига ўтказилганидан мамнун бўлгандим. Аммо, бу етарли эмас. Мен маҳкама иши сўнгида жаноб Усмоновга қарши барча айбловлар бекор қилиниши ва у озод этилишига умид қилаяпман.

Image caption Ўринбой Усмоннинг қамоқхонада қийноққа солингани ҳақиадги маълумотлар маҳкама жараёнида ошкор бўлди

Би-би-си: Сиз бир неча бор тожик ҳукумати билан Ўринбой Усмон ишини кўтарганингизни айтдингиз. Улар сизга бирон нима дейишдими бу борада?

Миятович: Венага келган тожик делегацияси ташқи ишлар вазири менинг мактубимни қабул қилиб олганини ва уни кўриб чиқаётганини маълум қилди. Сўнг эса, мен жаноб Усмонов озод қилингани ва уй ҳибсига ўтказилганини эшитдим. Лекин, халқаро ташкилотлардан ҳеч ким у вақтда жаноб Усмонов терговда қийноққа тутилганини билмаганди. Агар аниқ бир жавоб олганмисиз деб сўрамоқчи бўлсангиз, йўқ, олмаганман. Лекин, тожик делегацияси менга бу ишга жиддий ёндошилаётганини айтди. Тўғри, балки бунга маълум муддат керакдир, лекин тожик ҳукумати бу иш қанча узоққа чўзилса, шунча кўп халқаро босим ошишидан хабардор бўлишини истардим. Жаноб Усмонов узоқ йиллардан бери ишлаб келган ва кўп ҳурматга сазовор Би-би-си мухбиридир. Тожик ҳукумати уни тезда озод қилади деб умид қилаяпман. Яқинда Тожикистонга сафар қилишни мўлжаллаяпман. У ерда журналистларнинг ҳибсга олиниши ва хавфсизлиги борасидаги баъзи қонунларни ўзгартиришга, ҳамда жаноб Усмонов билан учрашиб, унга менинг ташкилотим қандай ёрдам бериши мумкинлигини муҳокама қилмоқчиман.

Би-би-си: Сизнингча, сиз тилга олган халқаро босим мазкур ишни жиноий ишдан кўра сиёсий ишга айлантириб юбораётгани йўқми? Тожик ҳукумати эса, аксинча, уни жиноий иш қилиб кўрсатмоқчи. Бундай бир зиддият манзарасида илгари силжиб бўладими?

Миятович: Албатта, бу қийин. Менинг қўлимдан келадиган нарса бу мунтазам равишда очиқ мулоқотга чақиришдир. Мен нафақат Тожикистонни, балки ташкилотимизнинг барча 56та аъзосини журналистларнинг фаолиятига боғлиқ ишлар жиноий иш эмас, балки маъмурий иш деб кўриб чиқишларига ундаб келаяпман. Бу каби маҳкама ишлар кўп ҳолларда сиёсийлаштирилади, лекин менинг якуний мақсадим Ўринбой Усмоновнинг озод этилиши ва бошқа журналистлар эркинлигини таъминлашдир, шундай экан, мулоқот қилишда давом этаман.