Тожикистонлик таниқли хонанда Фарзона Хуршед қамоқдан озод этилди

Тожикистонинг Нурек шаҳрида жойлашган аёллар қамоқхонасидан амнистия қонунига биноан озод этилган 112 аёл орасида таниқли қўшиқчи Фарзона Хуршед ҳам озодликка чиқди.

У ўтган йил феврал ойида Душанбедаги маҳкама томонидан севган йигитининг суд залидан қочишига ёрдам бериш айби билан икки йиллик қамоқ жазосига маҳкум бўлганди.

Унинг йигити Фаррух Рўзиев эса фирибгарликда айбдор деб топилиб 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

Фарзона Хуршед Тожикистонда ҳозирда энг таниқли бўлган ашулачи Шабнам Сурайёнинг синглисидир.

Қамоқдан озод этилар экан, қўшиқчи ташқарида кутиб турган онасининг қучоғига отилиб, кўзига ёш олган.

У қамоқхонада ҳам вақтини бекор ўтказмаганини айтди.

"Ҳозир мен ўзимни янгидан дунёга келгандек сезаяпман. Ҳаяжонланаяпман, гапиролмайман. Фақат шуни айтмоқчиманки, қамоқда ҳам мен вақтни бекор ўтказмай, ҳунар ўргандим. Бекор кишидан Худо ҳам безор дейишади," деди у.

Фарзона Хуршед тутқунликда қўшиқ айтмаганини билдирди.

"Қамоқда қўшиқ айтмадим. Фақат бир шеър ёздим. Иншоллоҳ, унга мусиқа топиб, куйламан," деди у.

Қўшиқчи билан бир қаторда Ўзбекистон ва Россия фуқаролари дохил 12 нафар чет эл фуқароси ҳам озод этилган.