'Туркманистонда хорижга даволанишга чиққанлар текширилмоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи ashgabat

Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркман ташаббус гуруҳи тарқатган хабарга кўра, бу ой туркман хукумати тиббий муолажа учун Эронга сафар қилган ёки оила аъзоларини жўнатган давлат расмийларини аниқлашга оғзаки буйруқ берган.

Хабарга кўра, хорижга даволанишга борган одамлар расмийлар томонидан ўз мамлакатига садоқати йўқ фуқаролар сифатида кўрилмоқда.

"Ҳозирча фақат четга даволанишга чиққан инсонларни аниқлаш ишлари олиб борилаяпти. Мамлакат махсус хизматлари ва идора-ташкилотларнинг раҳбарлари ўз ходимларининг паспортларини текшириб чиқишаяпти. Бу паспортларда Эронга бориб келгани ҳақидаги қайдлар борми-йўқми, қаралаяпти. Агар бор бўлса, нима учун Эронга боргани суриштирилаяпти", - дейди Туркман ташаббус гуруҳи фаоли Фарид Тухбатуллин.

"Агар даволанишга борган киши давлат идораси, бюджет ташкилотининг ходими бўлса, ундан сўралаяпти: "Туркманистоннинг ўзида шундай яхши тиббиёт тизими, даволаниш учун шунча қулайлик яратилган пайтда нега Эронга бораяпсиз, деб савол-жавоблар қилинган", дейди у.

Лекин кузатувчиларга кўра, Туркманистонда тиббиёт даражаси юқори бўлмагани учун қўшни мамлакатларга даволаниш учун чиқиб кетаётганлар сони жуда кўп.

Мамлакат жанубида истиқомат қиладиган кўп одамлар Эронга боришади, сифатли тиббий текширув ёки муолажани истаган Дошҳовуз вилоятининг аҳли кўпинча Ўзбекистонга, Хоразм вилоятига боришган.

"Туркманистонда тиббиёт тизимининг аҳволи аянчли. Чунки малакали мутахассислар мамлакатда деярли қолмаган. Малакали шифокорлар сони бармоқ билан санарли. Туркманистон ёпиқ мамлакат ва у халқаро ташкилотлар, мисол учун Халқаро Қизил ташкилоти сингари ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмайди. Туркманистонда силга қарши курашда кўмаклашган "Чегара билмас шифокорлар" ташкилоти ҳам мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. Мамлакатдаги туғилиш ва ўлимга доир, болалар ўлими, оналар ўлими ҳақидаги маълумотлар ёпиқ ҳисобланади. Бу ҳам бизнинг мамлакатимизда соғликни сақлаш тизими ривожланишига тўсиқ бўлаяпти," дейди Фарид Тухбатуллин.

Туркманбоши ҳукмронлиги йилларида мамлакатда шифохоналар бекор қилинган, тиббиёт муассасаларида аскарларнинг санитар бўлиб ишлашлари тартиби жорий этилган эди.