Қирғизистон: президентликка номзодларнинг давлат тили бўйича имтиҳонлари ТВ орқали намойиш этилди

Image caption Давлат тили имтиҳонининг биринчи кунида икки номзод ўта олмаган

Қирғизистонда президентлик лавозимига номзодлар қирғиз тилини билишлари юзасидан имтиҳон топширишни бошлаганлар, имтиҳонлар миллий телевидение орқали намойиш қилинаётир.

Қирғизистондаги бу йилги президентлик сайловига қарийб 80 шахс ўз номзодини илгари сурган.

8 сентябр куни номзодлардан беш нафарининг давлат тилини қанчалар билишини қирғизистонликлар телевизор орқали томоша қилганлар.

Булар - Темирбек Асанбеков, Сейтек Байгуттиев, Адахан Мадумаров, Эркин Булекбаев ва Жусупжан Пиримбаев.

Тил имтиҳони Қирғизистон парламенти биносида бўлиб ўтмоқда.

"Эркин Булекбаев на ёзма, ё на оғзаки имтиҳондан муваффақиятли ўта олди", дейди мухбиримиз.

Қирғизистондаги Яшиллар партиясининг раҳбари жаноб Булекбаев, бу тестни "ҳатто қирғиз тилини билмаган одам хам топшира олади" дея айтган.

"Эркин Булекбаев оғзаки имтиҳон топшираётганида рус тилидаги кўп сўзларни ишлатганига телетомошабинларнинг ўзлари ишонч ҳосил қилдилар", дейди Би-би-си мухбири.

Яна бир номзод Сейтек Байгуттиев имтиҳон ҳайъати олдида доскага чиқиб ўзининг ёзма қирғиз тилини намойиш этган.

Қирғизистон президентлигига номзоднинг ёзма ва оғзаки билимига "ёмон" баҳо қўйган "ўқитувчилар" ҳайъатининг ярми унинг қирғиз тилидаги бадиий асарни ўқишини "билади" дея қайд этганлар.

Лекин дастлабки икки босқичдан қониқарсиз баҳо олган Сейтек Байгуттиев ҳам тил имтиҳонидан ўта олмаган.

Номзодлардан Темирбек Асанбеков, Адахан Мадумаров ва Жусупжан Пиримбаевларнинг қирғиз тилини яхши билишлари кўзга ташланган.

Имтиҳон комиссияси раҳбарларидан Искандар Исомиддиновнинг айтишича, тил синовининг телевидение орқали тўғридан-тўғри намойиш этилгани имтиҳон ҳайъатининг вазифасини енгиллаштирган.

Имтиҳон ҳайъати 12 кишидан иборат.