Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

АҚШ элчиси Би-би-си мухбири Ўринбой Усмон билан учрашди

Image caption Журналистнинг билдиришича, АҚШнинг элчиси ундан маҳкама жараёни қандай ўтаётгани ҳақида сўраган

Би-би-сининг Тожикистондаги мухбири Ўринбой Усмонов устидан маҳкама жараёни давом этар экан, Қўшма Штатларнинг Тожикистондаги элчиси Кен Гросс журналист билан учрашган.

Гросс жаноблари Душанбедан Хўжандга сафар қилган ва Ўринбой Усмоннинг уйига ташриф буюрган. Ўринбой Усмонов шу йилнинг июн ойида фаолияти тақиқланган "Ҳизбут-Таҳрир" фирқасига аъзоликда айбланиб йўлга олинган, бироқ кейин қўйиб юборилганди.

Ҳозир уни иши бўйича маҳкама жараёни давом этмоқда. Навбатдаги суд мажлиси 19-сентябрга қолдирилган.

Журналистнинг билдиришича, АҚШнинг элчиси ундан маҳкама жараёни қандай ўтаётгани ҳақида сўраган.

"Гарчи менга қўйилган айбловнинг асоссиз экани кўриниб турган бўлса-да, ҳакамнинг бир нарсага ҳаракат қилаётганлиги-қандай қилиб бўлмасин кичикми каттами бирон бир айбни менга юкламоқчи бўлаётганини айтиб бердим. Умуман, ҳисбга олиниш жараёним ҳақида, қилинган муносабатлар ҳақида...қийноқлар тўғрисида ҳам гапириб бердим", дейди Ўринбой Усмон.

Айни пайтда элчи Кен Гросс Америка элчихонаси журналистга қандай ёрдам бера олиши мумкинлигини сўраган.

"Мен фақат "мен айбсизман, шу айбсизлигимни исботлашга ёрдам берса бўлди", деб айтдим. Чунки, менинг айбсизлигим ёки айбдор деб топилишим Тожикистондаги журналистика тараққиётига албатта таъсир кўрсатади", дейди Ўринбой Усмонов.

Ўринбой Усмонов ҳибсга олинган пайт Қўшма Штатларнинг Тожикистондаги элчиси Кен Гросс Youtube саҳифасида эълон қилинган видео мурожаатида журналистни зудлик билан озод этишга чақирганди.

У шунингдек, хавфсизлик ходимлари журналистга ёмон муомала қилгани ҳақидаги хабарлар юзасидан фаол текширув олиб борилиши кераклигини айтганди.

"Америка Қўшма Штатлари элчиси Кен Гросснинг атайин вақт топиб, уйимга мен билан кўришгани келганидан жуда ҳам мамнунман. Чунки, бу нарса фақат мен учун эмас, умуман, Тожикистондаги журналистлар учун аҳамиятли. Элчи жанобларининг бу ташрифи Тожикистонда журналистиканинг қанчалик ривожланиши, эркин матбуотнинг қанчалик тараққий этишига албатта таъсир қилади, деб ўйлайман", дейди Би-би-си мухбири.