Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев Тошкентга сафар қилди

Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев
Image caption Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев

Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев Тошкентга сафар қилди

Бу Қирғизистон ҳукумат раҳбарининг ўтган йилнинг 7 апрел воқеаларидан кейин қўшни давлатга илк бор расмий сафаридир.

Қирғиз давлат матбуоти Алмазбек Атамбаев Тошкентда ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиёев билан учрашиб, "икки тарафлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиши" ҳақида ёзган.

Ҳукумат мулозимлари ушбу расмий сафар тафсилотларини очиқлашмаган. Аммо, таҳлилчиларга кўра, мамлакат бош вазирлари олиб борадиган музокаралардаги асосий мавзу Қирғизистонга газ таъминоти ва шу доирадаги ҳамкорлик масаласи бўлиши аниқ.

Газ

Шу йил бошида Қиргизистон пойтахтида энергетика мулозимлари ўзбек ҳамкасблари билан ўтказган музокаралар натижаларини эълон қилишган.

"Қирғизгаз" ширкатига биноан, қирғиз томони шундан буён ҳар минг кубометр газни 223 АҚШ доллардан сотиб олмоқда.

Шунинг ўзи киргиз истъемолчилар энди ўзбек гази учун 19 доллар камроқ тўлашини англатади.

Чунки ўтган йил давомида Қирғизистон Ўзбекистондан ҳар минг кубометр "зангори ёқилғи"ни 242 АҚШ доллардан сотиб олган.

"Қирғизгаз" ширкати ички истеъмолчиларга ҳар минг кубометр газни деярли 430 доллардан ($ 429) сотган.

"Қирғизгаз" ширкати раҳбариятига кўра, жорий йил мобайнида Ўзбекистон томони янги баҳо билан қирғиз истъемолчиларга 200 миллион кубометр ёнилғи етказиб беради.

Одатда эса, қирғиз томони "ЎзТрансГаз" корхонасидан 650 миллиондан 850 миллион кубометргача ҳажмда газ харид қилиб келганди.

Муаммога айланган масалалардан бири - бу Қирғизистон ҳудудидаги Ўзбекистон томони ишлатаётган газ конларидир. Аввалроқ, Қирғизистон парламентида давлат жанубидаги Боткен вилоятида жойлашган ва айни пайтда Ўзбекистон ишлатаётган Сох, Шимолий Сох ва Чон-Кара-Галча газ конларини Қирғизистон назоратига ўтказиш масаласи кўтарилганди.

Сўнгги йилларда Россиянинг "Газпром", "Лукойл" каби йирик ширкатлари ҳам Ўзбекистон ва ҳам Қирғизистон билан ҳамкорлик қилиш ҳақида музокаралар олиб борган.