Қирғизистон президенти мамлакат қамоқхоналарида ўзбошимча қийноқ ҳоллари мавжудлигини тан олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоеванинг айтишича, мамлакат Бош прокуратураси 2010 йилда қийноқ ҳоллари юзасидан қирққа яқин жиноий иш очган.

“Қийноқлар – бизнинг маданиятимиз, тамаддунимизнинг бир қисми ва Қирғизистондаги ҳаётнинг бир кўриниши”, деб айтган қирғиз раҳбари.

Ўтинбоева хонимнинг ушбу сўзларидан иқтибосни Қирғизистондаги 24.kg нашри келтирган.

Аён бўлишича, президент бу ҳақда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ва Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитаси кузатувчилар кенгашининг қўшма йиғини чоғида қилган чиқишида баён қилган.

Ўтинбоева хонимга кўра, қийноқ ҳоллари юзасидан очилаётган жиноий ишларнинг сони ҳам ортиб бормоқда.

“Бу – кишиларнинг милиция ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят этишаётгани ва жавобгарлар жазоланишига даъват қилишаётганига далолат қилади”, деб айтган Қирғизистон президенти.

Ўтинбоева хоним мамлакатида жиноятчи жазоланишини айтаркан, аммо кимнидир қийнаб ўлдирганлар ҳамон озодликда юрганликларини ҳам тан олган.

Қирғиз президенти бунга мисол қилиб Россия фуқароси бўлган миллати ўзбек Усмонжон Холмирзаевнинг ҳодисасини мисол қилиб келтирган.

Усмонжон Холмирзаев шу йилнинг август ойида Қирғизистоннинг жанубий-ғарбий Жалол-Обод вилояти ҳибсхонасида қийноқлардан жон таслим қилганди.

Қирғизистон президенти ҳозир мамлакат матбуоти ҳам қийноқлар ҳақида фаол ёзишни бошлагани, Қирғизистон фуқаролари учун жорий пайтда хавфсизлик "нондан ҳам азиз" эканига қарамай, милиция бу каби ҳолларга диққат қилишига ҳам ваъда берган.

Вазият

“Хьюман Райтс Вотч” халқаро инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилоти ҳам қийноқлар Қирғизистонда кенг тарқалган муаммо экани, ўз ўрнида, Усмонжон Холмирзаевнинг ўлими 2010 йилги миллатлараро низолар ортидан, айниқса, этник Ўзбекларнинг ўзбошимча ҳибслар, қийноқлар ва полиция таъмагирлиги қаршисида қанчалар ожиз бўлиб қолганини намоён этишини айтганди.

“Холмирзаевнинг ўлими Қирғиз расмийларининг қонун устиворлигини таъминлаш ва мамлакат жанубида инсон ҳуқуқлари поймол этилиши ҳолларининг жазосиз қолишига қарши кураш бошлашлари учун туртки бўлиб хизмат қилмоғи керак", деганди ўшанда халқаро ташкилот.

Қонли миллий тўқнашувлар ортидан Қирғизистон жанубидаги ўзбек миллатига мансуб аҳоли ҳануз милиция ходимларининг тазйиқлари ва таъмагирликларидан шикоят этиб келишади.

Аммо маҳаллий ҳуқуқшуносларнинг ўзлари ҳам жабрдийдаларнинг бу хусусдаги шикоятларига деярли қулоқ тутилмаслигини тан олишади.

Милиция ходимларининг қийноқлари юзасидан эса, фақат камдан-кам ҳоллардагина жиноий иш очилади.

Шу йил август ойида Қирғизистон жанубига қилган сафари чоғида ҳам қирғиз раҳбари қийноқ ҳолларининг ортиб бораётганидан хавотирда экани, айниқса, Ўш ва Бозор-Қўрғонда вазиятнинг ёмонлашиб бораётганига тўхталиб ўтганди.

Қирғизистон парламенти эса, шу кунларда қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ноинсоний муносабатларнинг олдини олувчи миллий марказ тузиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда.

Янги қонун лойиҳасига мувофиқ, марказнинг коалицион кенгаши таркибига жаъми 11 киши – парламентдан иккита, нотижорий ташкилотлардан саккизта вакил ва мамлакат Омбудсмени киради.

Аён бўлишича, ушбу кенгаш катта ваколатга эга бўлади - истаган пайтда хоҳлаган ҳибсхона, қамоқхона, руҳий хасталиклар касалхонаси ва ё ҳарбий бўлинмаларга бора олади.

Уларнинг юклари, шахсий ёзишмалари, фаолиятига дахл қилинмайди. Кенгаш аъзолари иш жараёнида аниқлаган ҳоллар юзасидан ҳибсга олинмайди ёки сўроққа ҳам тортилмайди.

Парламент вакиллари шу йўл билан қийноқларга буткул барҳам бериб бўлмаса ҳам, уларнинг сонини камайтиришга умид қилишмоқда.

Биз Қирғизистон жанубидаги қийноқ ҳолларини яқиндан кузатиб бораётган маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоли Равшан Гапиров билан боғланиб, сўнгги саъй-ҳаракатлар амалда қанчалик иш бериши мумкин, деб сўрадик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди