Афғонистон шимолида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати қўмондони ушланган

Image caption Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари сўнгги пайтлари Ўзбекистон ва Тожикистонга чегарадош минтақаларга кириб келишмоқда.

Афғонистондаги НАТО бошчилигидаги кучларга кўра, шимолий Бағлон вилоятининг Бағлони Жадид туманида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг юқори мартабали қўмондони қўлга олинган.

Кобулда бу борада баёнот чиқарган иттифоқ кучлари вакиллари мазкур қўмондоннинг исми ва қайси мамлакат фуқароси эканини маълум қилишмаган. Аммо у Афғонистон ҳукумати мулозимларига қарши ҳужумлар ҳамда суиқасд уюштиришни режалаётган бўлгани билдирилмоқда.

Шунингдек, НАТО вакииллари бу шахс шимолий Афғонистонда жангарилар ёллаб, янги тизим барпо этиш ҳаракатида бўлганини урғуламоқдалар.

Кобул, Мозори Шариф ва Қундузга элтадиган йўллар кесишган чорраҳада жойлашган Бағлон вилояти сўнгги йиллари нотинчлаша бошлади ва минтақада бир нечта йирик исёнкорлик ҳужумлари амалга оширилди.

Аксар паштунлар ва ўзбеклар яшовчи тоғли Бағлонда асли Покистон ва Ўзбекистондан бўлган жангариларнинг маҳаллий аҳоли орасида ажралиб қолмасдан, бемалол ҳаракат қилишлари мумкин.

Кузатувчиларга кўра, Покистондаги аксилисёнкорлик амалиётлари ортидан Ўзбекистон Исломий Ҳаракати вакиллари Афғонистон шимолига ўтишмоқда.

Айниқса, шимолий-шарқдаги Тожикистонга чегарадош Қундуз, Бадахшон ва Тахор вилоятларида ушбу ҳаракат фаоллашган.

Ўтган ҳафта эса Афғон мулозимлари Ўзбекистонга туташ Балх вилоятига ҳам ўзбек жангарилари кира бошлашгани ҳақида айтишди.

Маҳаллий расмийларга кўра, Толибон ҳаракати ўзбек жангарилари ёрдамида Афғонистон ўзбекларини ҳам кўпроқ ўз сафларига тортишни мақсад қилаётган бўлиши мумкин.

Покистондаги кузатувчилар кейинги йиллари йўлбошчилари ва кўплаб жангариларидан ажралган мазкур ҳаракат ўз сафларини янги аъзолар билан тўлдириш йўлида қийинчиликларга дуч келаётгани қайд этадилар.

Хусусан, бу жангарилар Покистондаги бошпаналаридан ажралиб, сафи камайиб, заифлашган ҳолда иложсизликдан шимолий Афғонистонга кела бошлашган бўлиши эҳтимоли ҳам назардан соқит қилинмайди. Бироқ сўнгги пайтлари Афғонистонда рўй бераётган қатор зўравонлик амалларида ўзбеклар дохил хорижий жангарилар қўли борлиги айтиларкан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати қандай аҳволда бўлишидан қатъи назар ўз фаолиятини давом эттираётган кўринади.