Қозоғистон: Қабр қазувчилик ва майит ювғучилик қанчалар янги касб?

Олма ота шаҳридаги улкан қабристонлардан бири. Бир қарашда очиқ музейни эслатиб юборадиган ушбу қабристонда Қозоғистоннинг бир вақтлар атоқли арбоблари ва обрўга эга бўлган шахслари ётибди. Қабристонга кираверишдаги мўъжаз хонача эса Қуръондан сура ўқиётган Мурод каби муллаларга ажратилган. Тахтачага Қуръон ўқитиладиган жой дея ёзув битилган.

Қуръондан сура ўқилгач, мулла зиёратчидан марҳумнинг исмини сўрайди ва унинг ҳаққига дуо қилади. Зиёратчи қўл учида 500 танга ёки 3 доллардан кўпроқ пул тутқазади. Мурод Қозоғистоннинг бошқа минтақасидан меҳмонга келган. Олис туманларнинг бирида савдо-сотиқ билан шуғулланади. Аммо Қуръондан илми бўлгани учун одамларнинг муллага тушадиган эҳтиёжларини ҳам қондириб туради.

Олма отадаги қабристонда унинг яқин қариндоши Қуръон ўқиб тирикчиик қилади. Аммо ҳозир ўзининг шахсий юмушлари билан бошқа жойга кетган. Бу хоначада ўтирадиган муллалар ўзларини диний идорага қарашли эканликларини айтишса-да, бирор ердан ойлик олишмайди. Улар зиёратчилар берган пул орқали оила тебратишади. Келганларнинг орасида диний саволлар берувчиар ҳам топилади.

"Бизга катта-катта саволлар беришади. Биз билмаймиз, биз фақат сиз Қуръон ўқишни билмаганингиз учун хизмат тариқасида ўқиб берамиз, деймиз. Бизга диний идора ойлик бермайди", - дейди Мурод.

Бу ўлкаларда атеизм келгунча аҳоли орасида Қуръондан саводи бор кишилар кўплаб топилган. Марҳум учун сура тиловат қилиш учун махсус одамлар бўлмаган. Аммо худо йўқ деган ақидани кенг тарғиб қилган коммунистлар даврида диний савод чиқаришнинг деярли имкони бўлмаган.

Олма ота масжидларининг бирида никоҳ хутбаси ўқилмоқда. Олма отада бир никоҳ ўқиб қўйиш ўртача 35 долларни ташкил қилади. Бой кишилар эса ҳимматига қараб 300-400 доллар ҳам беришлари мумкин. Аммо никоҳ ўқиб бергани учун имом ёки мулла сиздан пул талаб қилмайди. Ушбу пуллар ҳадя сифатида ҳар кимнинг шароитидан келиб чиқиб берилади. Шундан сўнг имом томонидан шаръий никоҳдан ўтганлиги тўғрисида қоғоз берилади.

Ислом ҳаётнинг ажралмас бир қисми бўлган ушбу ўлкаларда диний саводсизлик авж олгани боис, Ислом шариатида кўрсатилган амалларни бажариш учун янги касб эгалари пайдо бўлди. Ўликларга ва тирикларга Қуръон ўқувчи мулла ва одам вафот этганидан сўнг уни шариатда кўрсатилганидек қилиб ювиб қабрга қўйувчилар.

Тўлебаева Жумакерим опа 10 йилдан бери Олма ота Марказий масжидида фаррошлик қилади. Шу билан бирга масжидга майит ювувчиларни излаб келганларнинг ҳам эҳтиёжини қондиради.

"30 ёшимда илк бор майит ювишга тўғри келган. Катталар айтиб турди. Онамнинг опаси оламдан ўтганди. Онам ўзи касал бўлгани учун, мулла айтиб турди, мен ювдим", - дейди Жумакерим опа.

Олий маълумотли Жумакерим опа, вақтида иқтисодчи бўлиб ишлаган. Одми кийиниб олган бу аёл, майит ювиш аслида ҳар бир мусулмоннинг қиладиган иши эканлигини айтади.

"Мен бирор нарса бер деб айтмайман. Бунинг ҳаммаси Аллоҳнинг розилиги учун. Берганда ҳам ҳадя ҳисобида - дастурхон, рўмол, мато қилиб беришади. Бировнинг шароити бор, бировники йўқ. Қанча берайлик деб сўрашади. Бизда унақа нарса йўқ деб айтамиз. Ўлим ҳаммамизга ҳақ, менга савоб керак", - дейди Жумакерим опа.

Ислом қоидалари бўйича эркакларнинг жасадини эркак киши, аёлларникини эса аёл киши ювиши керак. Жумакерим опа кўпчилик ўликдан қўрқишини айтади. У ҳар сафар майитни ювишдан олдин тушунтириш ишлари олиб боради.

"Борган еримда айтаман, ўзингнинг туққан онангни нега бегона одамга ювдирасан? Сен онангни тирик вақтида ҳар доим ювинтириб юргансан-ку, нега қўрқасан? Кўпчилик биринчи марта юваётганда қўрқади. Шунда сизлар ўликдан қўрқманглар, тирик одамдан қўрқинлар, деб тушунтираман", - дейди Жумакерим опа.

Алихон оға 15 йилдан бери Олма отадаги энг улкан қабристонда ишлайди. Куч қувват бор вақти қабр қазиш билан шуғулланган. Энди эса ёш 60 дан ошаркан, қабристонда тозалик ишлари билан шуғулланади.

"Олдин қишлоқ хўжалигида ишладим. Одамнинг ҳаётида турли ҳолатлар бўлади-ку, чорасизликдан кейин мана шу ерга келиб меҳнат қилиб юрибмиз", - дейди Алихан оға.

Шўролар даврида қишлоқ хўжалигида хизмат кўрсатган Алихан оға иттифоқ тарқаши билан иш ўрнинини ҳам йўқотади. Қабристонга келишига ишсизлик сабаб бўлганини ва ҳаёт мажбур қилганини айтади. 44 ёшида қабристонга иш излаб келган Алихан оға ўша кези қабр қазиб ва унга тушиб жасадни қўйиш каби ишларни қилишга тўғри келган. Олдин бу каби ишларни қилиб юрмагани боис илк бор қабрга тушганда қўрқув пайдо бўлганини айтади.

"Албатта, олдин ўлган одамни кўрмаганингиз учун биринчи қазиганда юракда ҳадик бўлади. Илк ўликни қабрга қўйганда юракларим дириллаган", - дейди у.

Қабр қазиш яқин-яқингача ҳам касб бўлмаган. Мусулмон киши оламдан ўтса, уни ювиб кафанга ўраб кўмиш бошқа мусулмонларнинг фарзи ҳисобланган ва бу иш билан илми ва билагида кучи бор шуғулланаверган.

Энди эса айниқса шаҳар жойларда бу иш билан шуғулланадиган махсус касб эгалари пайдо бўлган.

Алихан оғага кўра қабр қазувчи йигитлар 30-40 минг танга ёки 270 доллар ойлик олади. Қабр қаздирувчи садақа сифатида яна бир-икки сўм бериши мумкин, аммо бу мажбурий эмас. Алихан оғанинг ўзи 20 минг танга ёки 140 доллар маош олади. Оилада ҳамма ишлагани учун етказаётганини айтади..

"Фарзандларим ва аёлим ҳам ишлайди. Ҳаммамиз бир уйда турамиз, топганимиз ўртада, ҳозирча етиб турибди", - дейди у.