Ўринбой Усмон маҳкама ишини кузатган британ элчиси ўз ҳукумати хавотирини изҳор қилди

Image caption Элчи Тревор Мор (чапдан биринчи) Ўринбой Усмон ишини синчковлик билан кузатаётганини билдирди

Хўжандда Би-би-си мухбири Ўринбой Усмон устидан маҳкама жараёни давом этган.

59 ёшли Ўринбой Усмон Ҳизбу Таҳрир ноқонуний диний гуруҳига алоқадорликда айбланмокда.

Унинг айни ташкилотга аъзолиги борасидаги аввалги айблов бекор қилинганди.

Бугунги маҳкама ишида Британиянинг Тожикистондаги элчиси ҳам кузатувчи сифатида иштирок этган.

Маҳкама иши бошланганининг илк кунлари ҳимоячининг саволларига жавоб бераркан, Би-би-си мухбири Ўринбой Усмон ўзининг ҳибсхонада қийноққа тутилганини айтиб берганди.

Бугун давом этган маҳкама ишида бир қатор гувоҳларнинг ёзма кўрсатмалари ўқиб эшиттирилган.

Бу кўрсатмалар асосан Ўринбой Усмон билан биргаликда маҳкамага тортилаётган тўрт айбланувчига қарши ишлатилган.

Улардан фақат биттаси Ўринбой Усмонга қарши кўрсатма сифатида ўқиб эшиттирилган.

Бу кўрсатма ҳозирда Душанбедаги қамоқхонада сақланаётган Абдулла исмли Ҳизбу Таҳрир гуруҳи аъзосидан экани айтилган.

Унда Абдулла журналист Ўринбой Усмон билан бир йил аввал учрашгани, унга Ҳизбу Тахрир ташкилоти варақасини бергани, Ўринбой Усмон ундан Ҳизбу Таҳрир мақсадлари ҳақида сўрагани, бироқ у жаноб Усмонни ташкилотга аъзо бўлишга даъват қилмаганини айтган.

Ўринбой Усмонга сўз етганда у журналист сифатида Абдулла исмли шахс билан ҳақиқатдан 2010 йилда учрашгани, бироқ ундан варақа қабул қилиб олмагани ва ташкилот мақсади нима деб сўрамаганини билдирган.

Жаноб Усмон 10 йилдирки бу ташкилотга боғлиқ маҳкама ишларини кузатиб бораётган мухбир сифатида Ҳизбу Таҳрир мақсади нима эканини ўзи яхши билишини урғулаган.

Абдулланинг кўрсатмаси Ўринбой Усмонга қарши энг асосий гувоҳлик кўрсатмаси сифатида қўлланилмоқда.

Аммо, Ўринбой Усмон Би-би-си мухбири сифатида ҳолисона равишда ҳамма тарафларнинг фикрларини ёритганини билдирган.

Британиядаги хавотир

Маҳкама ишини бевосита кузатган Душанбедаги Британия элчиси Тревор Мор Ўринбой Усмон тақдири британ ҳукуматини ташвишга солаётганини айтди.

"Ўринбой Усмоновнинг иши Британия ҳукуматини хавотирга солган. Шунинг учун бу маҳкама ишини яқиндан кузатиб бориш биз учун муҳим. Би-би-си ўз мухбирига қарши барча айбловлар мутлақо сохта деб хабар қилган. Биз шунинг учун буни кузатаяпмиз, оқибати нима бўлишини ва суд қанчалар қонуний тарзда ўтказилишини кўриш учун кузатаяпмиз," деди элчи жаноблари.

Жаноб Мор суд иши қанчалар қонуний ва одилона ўтказилишига ишониши ҳақида фикр билдирмади.

"Ҳозирги босқичда мен маҳкама иши ҳақида бирон шарх беришни истамаган бўлардим. Мен маҳкаманинг ишларига аралашишни истамайман. Лекин, уни жуда яқиндан ва эҳтиёткорлик билан кузатиб бораман. Биз маҳкама иши тугаганидан кейин муносабат билдирамиз," деди Британия элчиси Тревор Мор.

Бугунги маҳкама ишида, Тожикистондаги Британия элчисидан ташқари, Оврўпо Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг вакили, Би-би-си, Озодлик, Америка Овози радио станциялари мухбирлари, ҳамда Тожикистонда журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва Азия плюс каби хабар агентликлари вакиллари иштирок этдилар.