БМТ Бош котиби Киллюнен комиссияси тавсияларини бажаришга чақирди

Image caption Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева БМТ Бош котиби Пан Ги Мун билан Бирлашган Миллатлар қароргоҳида учрашган

БМТ Бош ассамблеяси арафасида Нью-Йоркдаги ташкилот қароргоҳида Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева билан учрашган БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Қирғизистон жанубидаги қонли ҳодисалар бўйича мустақил комиссия берган тавсияларни бажаришга чақирган.

Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош котиби Пан Ги Мун Президент Роза Ўтинбоева билан учрашувда Қирғизистондаги ярашув жараёни ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни муҳокама этди, дея хабар беради БМТ Янгиликлар маркази.

"Бош котиб Қирғизистонни текшириш комиссияси ҳисоботида келтирилган тавсияларни бажаришга чақирди ва ушбу вазифани адо этишда БМТ кўмагини таклиф этди", дейилади хабарда.

2010 йилнинг июн ойида Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларида қирғизлар билан ўзбеклар ўртасида миллий низо келиб чиққан, юзлаб инсонлар ҳалок бўлган, минглаб кишилар жароҳатланган.

Тахминан 375 минг одам ўзларининг яшаб турган жойларини тарк этишга мажбур бўлганлар.

Қирғизистонлик ўзбекларнинг аксари Ўзбекистон ҳудудидан паноҳ топган.

Финландиялик таниқли сиёсатчи Киммо Киллюнен етакчилигида қонли этник низо сабабларини ўрганиш бўйича халқаро мустақил тергов ҳайъати тузилган, ҳайъат шу йил май ойида ўзининг текширишлари асосидаги ҳисоботини эълон қилган.

Халқаро комиссия ўз ҳисоботида Қирғизистон раҳбариятига қатор тавсияларни берган.

Хусусан, Қирғизистонда ўта миллатчилик ва миллат ажратиш ҳолларига қарши кескин курашиш лозимлиги айтилган.

Қирғизистонда ўзаро баҳамжиҳатлик, турфамаданиятлилик ва кўпмиллатлиликка асосланган жамиятни барпо этиш муҳимлиги урғуланган.

Шунингдек, ҳайъат раҳбари Киммо Киллюнен ўзбек тилининг, ҳеч бўлмаганда, Қирғизистон жанубида минтақавий нуфузга эга бўлишини таъминлаш лозимлиги, маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот тизимларида ҳар икки миллат вакиллари орасида мувозанат бўлишига ҳаракат қилиниши зарурлигини таъкидлаган.

Халқаро мустақил тергов ҳайъати тавсиясида 2010 йилги июн воқеалари ортидан юз бераётган ўзбошимча ҳибсга олиш ва қийноқ ҳолларига барҳам берилиши кераклиги айтилган.