Қирғизистон президентлигига асосий номзодлар 'Ахлоқ кодекси'ини имзолашмади

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Қирғизистон президентлигига асосий номзодлар 30 октябрга режаланган сайловлар чоғида тартибсизликларнинг олдини олишга қаратилган "Ахлоқ кодеки"ни имзолаш маросимига келишмаган.

Улар орасида Қирғизистоннинг амалдаги Бош вазири Алмазбек Атамбаев ҳам бор.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, Американинг Халқаро Тараққиёт учун идораси томонидан дастакланган кодекс номзодларнинг сайловолди амалиётлари чоғида гиёҳванд моддалар, спиртли ичимликлар ва қурол-яроғлардан истеъфода этишларини тақиқлайди.

Бундан ташқари, барча номзодларнинг Қирғизистон қонунларини ҳимоя этишлари шарт эканини урғулайди.

Кеча бўлиб ўтган маросим чоғида 20 та номзоддан бор-йўғи 8 таси ушбу "Ахлоқ кодекси"ни имзолаган, холос.

Номзодлардан бири Алмамбет Матубраимов "Рейтер" ахборот агентлиги келтирган иқтибосида, "Бунақа маросимларга ҳожат йўқ экани, ўз конституциялари ва қонунлари бор"лигини айтган.

Президентлик сайловлари президент Қурмонбек Бакиевни қудратдан четлатган оммавий намойишлар ва юзлаб кишиларнинг қурбон бўлгани айтилган Қирғизистон жанубидаги миллий низолардан бир йил ўтиб бўлиб ўтади.

Ўтган апрел ойида Қурмонбек Бакиевнинг ўрнига қудратга келган Роза Ўтинбоева эса, шу йилнинг 31 декабр куни президентликдан расман истеъфо беради.

Октябр ойидаги сайловлар орада кечган қисқа вақт давомида Қирғизистонда олиб борилган конституцион ислоҳотларнинг кульминацион нуқтаси сифатида кўрилмоқда.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Қирғизистондаги президентлик сайловларини кузатиш учун ўттизга яқин кузатувчи юбормоқчи.

Улардан ташқари, яна 350 нафар кузатувчининг ҳам сайловлар жараёнида ҳозир бўлишлари кутилмоқда.

Таҳлилчилар ҳукумат лавозимларидаги узоқ йиллик тажрибаси қўл келиб, сайловларда Бош вазир Алмазбек Атамбаевнинг ғолиб чиқиш эҳтимоли катта, дейишмоқда.

Аммо, барибир, бўлажак ғолибнинг фақат иккинчи давра сайловлар ортидангина аён бўлишига оид қатъий ишонч ҳам мавжуд.

Айни ўринда шуни айтиб ўтиш жоизки, янги президентнинг ваколати фақат олти йил билан чекланади, холос.

У Мудофаа вазири ва Миллий Хавфсизлик хизмати раҳбарини тайинлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Янги қирғиз ҳукумати бир неча борлик уринишлар ортидан ўтган декабр ойининг ўрталарида ташкил топганди.

Бундан аввалроқ эса, Қирғизистонда Марказий Осиёдаги илк парламент бошқарувининг қарор топишига йўл очган парламент сайловлари бўлиб ўтганди.

Қирғизистонда қарор топган янги бошқарув моделига мувофиқ, Бош вазир ҳозир президентдан кўра кўпроқ ваколатга эга.