Қозоғистонда ўткир ва оғриқли мавзуларни кўтарувчи Стан ТВ студияси расман ёпиб қўйилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Қозоғистондаги видеоянгиликлар тайёрловчи Стан ТВ интернет порталининг нашриёти бўлмиш Стан продакшн студияси маҳкама қарори билан тўхтатиб қўйилган.

Олма ота шаҳар ихтисослаштирилган иқтисодий маҳкамаси Стан Продакшн студияси биносида ҳаво ҳарорати меъёридан ошиқ ва бино тепасига ўрнатилган сунъий йўлдош антенналари аҳолига зиён келтирмоқда деб топган.

Видео портал масъуллари маҳкама қарори видео порталнинг касбий фаолияти билан боғлиқлигини иддао қилишмоқда.

Стан ТВга бўлаётган босимлар ҳақида Варшавада ўтаётган ОХҲТнинг йиллик йиғинида ҳам сўзланган.

Қозоғистонда мустақил оммавий-ахборот воситаларига нисбатан ҳукумат томонидан босимлар тез-тез кузатилиши айтилади.

СтанТВ портали юристи ушбу қарордан норози эканлигини ва маҳкама қароридан юқори инстанцияга шикоят қилишини билдирди.

“Офисимиз жойлашган уйнинг тепасида ўрнатилган антенналарни ишлатмаслик ҳақидаги қарордан норозимиз. Ушбу антеннани ишлатишимиз борасида бизга бўлаётган шикоятлар ўринсиздир. Студия фаолиятини тўхтатиш борасидаги қарорнинг қабул қилиниши ҳам тушунарсиз. Маҳкаманинг қарори реал ҳолатга жавоб бермайди”, - дейди компания юристи Наталя Сартбаева.

Компания раҳбарлари портал офисига бир неча давлат назорат идоралари текширишга келган кунданоқ ушбу амаллар компаниянинг касбий фаолияти билан боғлиқ эканлигини айтиб келади.

Варшавада бўлиб ўтаётган ОХҲТнинг йиллик йиғинида Стан Продакшн компанияси директори Бауржан Мусиров халқаро жамоатчиликни Қозоғистонда мустақил матбуотга нисбатан босимдан яна бир бор огоҳ этди.

“Текширувлар бошланган бир вақтнинг ўзида бизнинг баъзи журналистларимизга ўзларини махсус хизмат ходимлари дея таништирган одамлар томонидан дўқ-пўписалар бўлди. Бу нарса Қозоғистонда журналистика билан шуғулланиш хавфли бўлиб бораётганини англатади”, - дейди Бауржан Мусиров.

СтанТВ асосан Қозоғистон ва Қирғизистонда тезкор янгиликлар етказиш ва таҳлилий репортажлар тайёрловчи видео портал ҳисобланади.

Портал материаллари ўзининг мустақил қарашга эга эканлиги билан ажралиб туради.

2010 йилнинг апрел ойида, ҳали Бакиев қудратда бўлган кезлар, ушбу видео порталнинг Бишкекдаги офис техникалари Қирғизистон Молия полицияси томонидан муҳрлаб қўйилган эди.

Назорат органи СтанТВ лицензияга эга бўлмаган техникаларни ишлатмоқда дея айб қўйганди.

Кузатувчилар СтанТВ кўтараётган ўткир ва оғриқли мавзулар ҳукмрон доираларга ёқавермаслигини таъкидлашади.

“Стан ТВ ўткир мавзуларни кўтара олиши билан ажралиб туради. Қозоғистон ғарбидаги нефтчиларнинг иш ташлаши, инсон ҳуқуқлари, коррупцион ҳолатларни каби ҳукумат учун ноқулай бўлган мавзуларни ёритади. Албатта бу нарса раҳбариятга ёқмайди”, - дейди Қозоғистон “Озод” умум социал-демократик партияси бош котиби Амиржан Қўсанов.