БМТ:'Афғонистонда зўравонлик ва инсоний талофатлар кескин ошган '

Афғонистон касалхонасидаги ярадор бола Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Хорижий кучларнинг ваъдаларига қарамай, Афғонистондаги зўравонликларда жабр кўраётган тинч фуқаролар сони камаймаган.

БМТ ҳисоботи Кобулдаги ҳукуматни ҳам, НАТО бошчилигидаги иттифоқ кучларини ҳам ўнғайсиз аҳволга солиши мумкин.

Бир йил аввалги рақамлар билан сўнгги уч ойни муқояса этган тадқиқот нафақат жанг қилаётган ҳарбийлар сафида, балки тинч фуқаролар орасида ҳам қурбонлар сони ошганини урғулайди.

Талофотларнинг қарийб 80 фоизи Толибон ҳужумлари туфайли рўй бергани айтилади. Лекин ҳужумлар кўпайса-да, тинч фуқаролар орасидаги ўлим ҳоллари сезиларли ошмагани ҳам урғуланган.

НАТОнинг айтишича, ўртача мавқедаги Толибон қўмондонларининг нишонга олинаётгани иш бермоқда. Бироқ зўравонлик ҳодисалари қарийб 40 фоизга ортган.

БМТга кўра, исёнкорлар ҳужумлари анчайин мураккаблик касб этмоқда. Улар юқори мартабали мулозимлар, хорижий дипломатик идоралар ва расмий иншоотларни нишонга ола бошлашган.

Шунингдек, НАТО кучлари кўпроқ эътибор қаратган Ҳелманд каби жанубий вилоятларда сўнгги вақтлари исёнкорлик ҳужумлари камайгани, бироқ бунинг эвазига илгари тинч бўлиб келган бошқа ҳудудларда исёнкорлар фаолияти кучайиб, зўравонлик ортгани таъкидланади.