Қирғизистонда президентлик сайловлари олди хавфсизлик кучайтирилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Қирғизистонда келгуси ойга режаланган президентлик сайловлари олди хавфсизлик чоралари кучайтирилади.

Қирғизистон президенти девони хавфсизлик ва мудофаа масалалари бўйича бўлимига кўра, мазкур жараёнда чегараларда қаттиқроқ тартиблар йўлга қўйилади ҳамда мамлакатга кириш-чиқиш бўйича маълум чекловлар киритилади.

Айни пайтда хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳам ҳушёр ҳолатга келтирилади. Уларнинг кучайтирилган тартибда хизмат ҳолатига ўтиши айтилади.

Бунга қўшимча, қамоқхона ва ҳибс марказларида ҳам норозиликларни олдини олиш учун эҳтиёт чоралари кўрилиши билдирилган.

Ушбу чора-тадбирлар октябрнинг биринчи кунидан бошлаб, бир ой давомида амалда бўлиши эълон қилинган. Мухбиримиз Тўлқинбек Турдибоевга кўра, ушбу қарор мудофаа кенгаши йиғинида олинган.

"Президент Ўтинбоева раҳбарлигида ўтган йиғинда беқарорликка етаклайдиган эҳтимолий омиллар сифатида президентликка номзодлар ўртасида кураш борган сари кескинлашаётгани, жиноий доира ҳаракатлари, диний экстремизм ва ҳатто оддий аҳоли орасида сиёсийлашув кучайгани тилга олинган. Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, ўтган 8 ой давомида мингдан ортиқ норозилик намойишлари ўтказилган. Уларнинг ярмидан кўпроғида сиёсий талаблар илгари сурилган", дейди мухбиримиз.

Унинг айтишича, қирғиз ҳукумати сайловолди даврда ташқаридан террорчилар, экстремистлар мамлакатга кириб келишлари эҳтимолидан огоҳлантирган. Шу билан бирга ҳукумат миллатлараро муносабатларга эътибор қаратиш зарурлигини айтган.

"Президент Ўтинбоева бу борада турли иғвогарлик ҳаракатлари бўлиши мумкинлигини очиқ билдирган", дейди Тўлқинбек Турдибоев.

Кучайтирилган хавфсизлик чоралари бир ой давомида амалда бўлиши айтилса-да, мухбиримизга кўра, ушбу муддатни узайтириш эҳтимоли олдиндан кўзда тутилади.