Карзай Толибон билан музокара олиб боришдан воз кечди

Image caption Жаноб Карзай тинчлик музокараларида ўзлари учун иккинчи томон Покистон эканини айтган

Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай ўз ҳукумати Толибон билан тинчлик музокараларини бошлаш имконига эга эмаслиги, ўрнига Покистон билан музокаралар олиб боришини айтган.

Президент Карзайга кўра, Бурҳониддин Раббонийнинг ўлдирилиши уни Покистон билан музокараларга кўпроқ эътибор қаратишга ундаган.

Толибон билан тинчлик музокаралари учун масъул бўлган собиқ президент Раббоний Толибон элчиси қиёфасидаги худкуш ҳужумчи томонидан ўлдирилган.

Афғонистондаги бир гуруҳ диний раҳбарлар қаршисида гапирган жаноб Карзай Толибон орасида мулоқот қиладиган одамнинг йўқлигини айтди.

"Толибон раҳбари Мулло Умарни топишнинг иложи бўлмади", - деб айтди жаноб Карзай.

"У қаерда? Биз Толибоннинг Тинчлик Кенгашини топа олмадик. Қаерда бу кенгаш?"-, - дея сўради афғон президенти.

"Толибон Кенгашининг номидан бир элчи келади-да, ўлдиради, кейин улар улар буни на тасдиқлайди ва на рад этади. Шунинг учун биз Покистондан бошқа ҳеч ким билан сўзлаша олмаймиз", - деб айтди жаноб Карзай йиғилиш қатнашчиларига.

"Тинчлик жараёнидаги иккинчи томон ким? Мен Покистондан бошқа биз билан гаплашиши мумкин бўлган ҳеч кимни кўраётганим йўқ".

Афғонистоннинг дин уламолари кенгаши аъзолари жаноб Раббонийнинг тинчлик йўлидаги саъй - ҳаракатларини олқишлашган ва унинг ўлимини қаттиқ қоралаганлар.

'Жангарилар макони'

Айни пайтда халқаро хавфсизлик кучлари "Ҳаққоний" жангари гуруҳининг нуфузли қўмондони Ҳожи Малик Хонни қўлга олганини айтган.

Хаққоний гуруҳи Кобулдаги сўнгги қатор ҳужумлар, жумладан, Америка элчихонасига ҳужум учун масъул, деб кўрилади.

Ўтган ҳафта АҚШ ҳарбийлари Покистон жосуслик хизматини Ҳаққоний гуруҳига ёрдам беришда айблаганлар.

Уларга кўра, Покистоннинг Вазиристон минтақаси "жангариларнинг макони"га айланган

Покистон Ташқи ишлар вазири бунга жавобан Қўшма Штатлар Исломободни очиқчасига айблашда давом этаверса, АҚШ иттифоқчи сифатида Покистонни йўқотиши мумкинлигини айтган.

Президент Обама эса Покистонни Ҳаққоний гуруҳига чора кўриш ҳақида огоҳлантирган.

Покистон ушбу гуруҳ жангариларига ёрдам бераётганлигини рад этиб келади.

Аммо Би-би-сининг Исломободдаги мухбирига кўра, Покистон ўн йиллар давомида ўз ташқи сиёсатидаги мақсадларига жангарилар билан иттифоқчилик орқали эришиб келган.

Би-би-си мухбири Орла Гериннинг айтишича, Покистон расмийлари Ҳаққоний гуруҳи Покистон учун нишон эмаслиги, чунки гуруҳ Покистон ичкарисида ҳеч кимни ўлдирмаслигини тан олишади.