АҚШ Ўзбекистон Исломий Ҳаракати молиявий воситачисини жазоламоқчи

АҚШ Молия вазирлиги Афғонистон ва Покистондаги жангари гуруҳларга алоқалари борлиги айтилган шахсларга санкциялар эълон қилди.

Уларнинг орасида “Ал-Қоида” тармоғи ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига молиявий воситачилик қилгани айтилган афғон Фазал Раҳимнинг ҳам борлиги айтилмоқда.

Аммо америкаликларга қарши қаратилган сўнгги ҳужумлар ортида турганликда айбланган “Ҳаққоний” афғон жангари гуруҳини халқаро террорчилар рўйхатига киритишдан ҳозирча тийилди.

Чоршанба куни АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон мамлакати бу масалада бир қарорга келишига яқин қолганини айтганди.

Янги жазо чораларига мувофиқ, Америка ширкатлари ёки алоҳида фуқароларнинг рўйхатдаги шахслар билан молиявий олди-берди қилишлари ман этилади.

Бу каби инсонларнинг АҚШ назорати остида бўлган ҳар қандай ҳисоблари музлатилади.

Рўйхат

АҚШ Молия вазирлигининг “жазоланувчилар” рўйхатини “Ҳаққоний” тармоғи яқинда Афғонистоннинг беқарор минтақаларидан бирига қўмондон этиб тайинлаган асли афғонистонлик Абдул Азиз Аббосин бошлаб беради.

“Аббосин бир гуруҳ Толибон жангариларига қўмондонлик қилади. Афғонистоннинг Пактико вилоятида хорижий жангарилар учун мўлжалланган тайёргарлик жамлоғини юритишга ҳам ёрдам берган. Афғон ҳукумат кучларига йўлланган таъминот карвонларини пистирмага тушириш амалиётларида ҳам иштироки бор”, дейди вазирлик.

Рўйхатни Афғонистонда туғилиб, ўсган ака-ука Ҳожи Файзуллоҳ Хон Нурзай ва Ҳожи Малик Нурзайлар давом этдиришади.

АҚШ Молия вазирлигига кўра, Ҳожи Файзуллоҳ Хон Толибоннинг бош молиячиларидан биридир. Укасининг Покистонда иш юритувчи бизнесмен экани айтилади.

Вазирликка кўра, ака-ука икковлон Толибон ҳаракати билан турли хил олди-бердиларга миллионлаб доллар маблағ сарфлашган.

Ўз рўйхатига киритган покистонлик Абдур Раҳмонни АҚШ Молия вазирлиги толибларнинг воситачиси ва пул тўпловчиси эканини айтади.

Америкалик масъулларга кўра, жазо чоралари қўлланаётган сўнгги шахс “Ал-Қоида” тармоғи ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига молиявий воситачилик қилган афғон Фазал Раҳимдир.

Биз Афғонистонлик хавфсизлик масъулларидан Асадулла Волволижий билан боғланиб, рўйхатдаги шахслар қанчалик таниқли экани билан қизиқдик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Ҳаққоний" тармоғи

АҚШ Сенатининг Жосуслик қўмитаси раҳбари дохил айрим демократчи сенаторлар барча меъёрларга тўғри келишини айтиб, Клинтон хонимни “Ҳаққоний” тармоғини “Қора рўйхат”га киритишга ундашганди.

Аммо АҚШ Адмирали Майк Малленнинг Покистон Жосуслик Хизматини “Ҳаққоний” жангари гуруҳини дастаклашда айблаши ортидан икки давлат орасидаги муносабатлар танг бир паллада қабул қилинган якуний рамзий қарорнинг ҳам орага янада совуқчилик солиши кутилмоқда.

Барак Обама маъмурияти бир томондан икки ўртада қизиб кетган даҳанаки жангни юмшатишга уринаётган бўлса, бошқа тарафдан расмий Исломободни Афғонистонда зўравонликларни оловлантираётган жангариларини жиловлаб олишга даъват этишдан тингани йўқ.

“Толибон ҳаракати, “Ҳаққоний” ва “Ал-Қоида” тармоқларини таъминлаб келган молиячилар ва воситачилар энди ўз зўравон қилмишларининг оқибатларини англаб етишади”, дейди вазирликнинг террорчилик ва молиявий жосуслик ишлари бўйича вазир муовини Девид Коҳен.