Душанбеда Марказий Осиёда энг йирик масжид қурилиши бошланди

Image caption Энг йирик масжид қурилишида И.Раҳмон ҳам иштирок этган

Тожикистон пойтахти Душанбеда Марказий Осиёда энг йирик масжид қурилиши бошланган.

Бир вақтнинг ўзида 100 мингдан зиёд намозхонларни бағрига олиш имкониятига эга бу масжид қурилиши ҳақидаги режалар бундан роса икки йил аввал ошкор этилганди.

Душанбе аҳолиси 700 мингдан ортиқроқ эканлиги айтилади.

Тўртта минорадан иборат бу йирик лойиҳа 100 миллион доллар Қатар хайрияси сарфланади.

Қолган харажатларни, хабар агентликларига кўра, Тожикистон ҳукуматининг ўзи кўтариши айтилмоқда.

Масжид қурилишининг илк босқичида мамлакат раҳбари Имомали Раҳмон ҳам иштирок этган. Бундан икки йил аввал айни масжид қурилишига доир чиқишида Имомали Раҳмон " Оллоҳни мадҳ этиш жойи бегона келишмовчилик ва диний мутаассибликни келтириб чиқарадиган радикал фикр ва ғояларни тарғиб этиш макони эмас, балки масжид одамларни тарбия этиш ва бутун дунё мусулмонларини бирлаштирувчи ерга айланиши зарур», деган эди.

Марказий Осиёнинг энг камбағал мамлакатларидан бири бўлмиш Тожикистонда энг қиммат масжиднинг қурилиши ҳукумат нашрларида олқишланса ҳам, бу амални ортиқча "дабдабабозлик" деб танқид қилаётганлар талайгина...

Тожикистондаги мустақил журналистлардан бирининг айтишича, бу каби йирик масжиднинг қурилиши Президент Раҳмоннинг ҳукумати учун ҳозирги кунда жуда муҳим масалалардан бирига айланган.

" Тожикистон мусулмонлари орасида ҳукуматнинг диндорларга қарши деб кўрилаётган қарорларидан норозилар сафи тобора ортиб бормоқда. Мадраса ва масжидларнинг турли баҳоналар билан ёпилаётгани, масжидларга 18 ёшдан кичик ўсмирларнинг бориши тақиқланиб, ота-оналарни ўз фарзандларининг амаллари учун маъсул кўрилаётгани, ноанъанавий диний оқимларга алоқадорлик айблари билан ҳибсга олинганларни узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм этилиши каби ҳолатлар аҳоли орасида хуш қаршилаётгани йўқ. Бунинг устига мамлакатдаги оғир иқтисодий ҳолат, юз минглаб тожикистонликларнинг Россияга иш излаб чиқиб кетишлари, жамиятда, айниқса ҳукумат ташкилотларида қулоч ёйган порахўрлик ҳаммага маълум. Ана шундай ҳолатда 100 миллион доллардан ошиқроқ маблағга масжид қурилаётгани ҳатто намозхон тожикистонликларнинг ҳам олқишларига сазовор бўлади деб ўйламайман", дейди тожикистонлик журналист.

Унинг айтишича, айни масжиднинг қурилиши билан Тожикистон ҳукумати ўзига нисбатан ёвқарашда бўлган мусулмонлар "кўнглини олмоқчи".

Энг, энг, энг... ёки "кичкина деманг бизни..."

Image caption Камида 100 миллион долларлик масжиднинг лойиҳада кўриниши

Марказий Осиёда энг йирик масжиднинг қурилиши камида уч йил давом этиши ва бир вақтнинг ўзида юзлаб ишчиларни банд қилиши тахмин этилади.

Дунёнинг энг кичик мамлакатларидан бўлган Тожикистонда бир маънода "биринчи" бўлиш иштиёқида қилинаётган ҳаракатлар янгилик эмас.

Шу йил Душанбеда дунёдаги энг баланд байроқ устуни ўрнатилганди.

Бу байроқнинг узунлиги 165 метр бўлиб, унинг қурилиши учун ҳам бир неча миллион доллар сарфлангани айтилади.

Тожикистон президентининг янги девони қаршисида ўрнатилган "энг баланд байроқ" устунини қуриш ишлари Trident Support ширкати зиммасига топширилган эди.

Ҳозиргача дунёнинг энг баланд байроғи устуни Озарбайжон пойтахти Бокуда мавжуд эди.

Озарбайжонликлар ўрнатган байроқ устунининг баландлиги 162 метрни ташкил этади.

Душанбе ва Хўжандда қад ростлаган Исмоил Сомоний ҳайкалларига сарфланган маблағлар ҳам оз эмаслиги тайин.

Аммо Тожикистонни Марказий Осиё, собиқ Шўро давлатлари орасида ўзи хос ва ё биринчи бўладиган бошқа томонлари ҳам бор.

Тожикистонда минтақада ягона диний Ислом Уйғониш партияси фаолият кўрсатади.

Ўтган йилги парламент сайловларида Ислом уйгониш партияси 7,7 фоиз овоз олганлиги эълон қилинганди.

Бугунги кунда мамлакат парламентида ушбу партия 2 та ўринга эга.