Чимкент шаҳрида ногиронлар ўртасида паралимпиада ўйинлари бўлиб ўтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ҳар тўрт йилда ўтказиладиган ушбу спорт ўйинларида 500 дан ортиқ жисмоний имконияти чекланган спортчилар 6 хил спорт тури бўйича қатнашган

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ногиронлар ўртасида паралимпиада ўйинлари бўлиб ўтди. Ҳар тўрт йилда ўтказиладиган ушбу спорт ўйинларида 500 дан ортиқ қозоғистонлик жисмоний имконияти чекланган спортчилар 6 хил спорт тури бўйича қатнашиб медаллар шодаси учун курашиб олиб борган.

Олма ота шаҳридан 45 спортчи 700 чақирим олисликдаги Чимкент шаҳрига поезд билан йўл олди. Енгил атлетлар, сузувчилар, ўқ отувчилар, тош кўтарувчилар орасида ўтириб воллейбол ўйновчилар ҳам бор эди.

Олма ота шаҳар спорт клуби томонидан берилган формаларни кийиб олган спортчиларнинг мақсади жиддий - умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритиш эди.

Тонгги 6 да 45 кишидан иборат делегация Чимкент шаҳрининг "Ўрдабаси" меҳмонхонасига кириб борди. Меҳмонхона маъмурияти Олма оталик спортчиларни бир кун кейин кутишаётганини ва шу сабабдан меҳмонхонада жой йўқлигини билдирди. Бир оз кутишдан сўнг спортчилар бир кишилик хонага 2 тадан жойлаштирила бошланди.

Спортчиларнинг аксари ўйинлар тугагунча бир каравотда 2 тадан бўлиб ётишга тўғри келди. Спорт клуб маъмурияти бу ҳолатни спортчилар учун меҳмонхонага деб кам маблағ ажратилгани билан изоҳлади.

Ноқулайликларга эътибор бермасликка интилган спортчилар катта иштиёқ билан мусобақани кута бошлашди.

Ўтириб воллейбол ўйнаш бўйича Олма отадан 8 киши борганди. Майдонда оддий волейболдаги сингари 6 киши ўйнайди. Тўрнинг баландлиги 115 сантиметрни ташкил қилади. Майдоннинг ўлчами ҳам катта воллейболга қараганда кичикроқ.

Воллейболни ўтириб асосан оёғи ва қўлида нуқсони бўлган спортчилар ўйнайди. Икки оёғи ё-да, бир оёғи йўқ кишилар ушбу спорт турига жуда мос келади. Ўйиннинг шартларидан бири полдан кўтарилмаслик керак. Спортчи хоҳлаганича ҳаракат қилиши мумкин, аммо тўп билан муомала қилаётган вақтда полда ўтирган ҳолатда бўлиши керак.

Бу спорт туридаги тўп классик воллейболники билан бир хил. Ўтириб ўйналадиган воллейболда ҳам блок, тўпни ўйинга зарб билан киритиш, қабул қилинган тўпни ошириш ва зарба бериш қоидалари бир хил.

Қозоғистонда бундан 23 йил олдин илк маротаба ўтириб ўйналадиган воллейбол айнан Олма ота шаҳрида асос солинган ва ўзагини ушбу шаҳар воллейболчилари ташкил қилган спортчилар собиқ МДҲ давлатлари ва Осиёда бир неча маротаба юқори ўринларни қўлга киритишган.

Аммо, вақт ўтиши билан ушбу жамоа анча кучсизланиб, кейинги 2 йил давомида қайта тикланиш жараёнини бошдан кечирмоқда.

Ўйиндан бир кун олдинги қуръа ташлаш маросимида Олма ота шаҳри жамоаси ўтган йилги чемпион Манғистау вилояти ва 4 ўринни эгаллаган Ақтўба вилояти билан бир гуруҳга тушди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ўтириб ўйналадиган воллейболда ҳам блок, тўпни ўйинга зарб билан киритиш, қабул қилинган тўпни ошириш ва зарба бериш қоидалари бир хил

Кучли гуруҳ бўлгани боис олма оталикларнинг кейинги босқичга чиқиш имконияти деярли йўқ дея тахмин қилинди.

Аммо, биринчи ўйинда Ақтўба вилоятини 2 партияда ҳам ютиб 4 чи ва 6 чи ўринлар учун курашиш имконияти қўлга киритилди.

Ақтўба билан ўйин бошида ҳаяжонли кечган бўлса-да, қийин кечди деб айтиб бўлмайди. Сабаби, вилоятнинг бир неча кучли волейболчилари ногиронлар спортининг бошқа турлари бўйича вилоят шарафини ҳимоя қилишга ўтиб кетганди.

Иккинчи ўйин амалдаги чемпион Манғистау вилояти воллейболчилари билан бўлди. Қозоғистоннинг тажрибали ўйинчиларини жамлаган Манғистауликлар биринчи партияда Олма оталикларга имконият қолдиришмади. Иккинчи партияда маълум муддатга Олма ота воллейболчилари ҳисобда олдинда боришди. Аммо, тажриба ўз сўзини айтди, Манғистау ғалаба қозонди.

Гуруҳдан иккинчи бўлиб чиққан олма оталиклар 4 ўрин учун курашда Қарағанда ва асосан чимкентлик воллейболчилардан ташкил топган Жанубий Қозоғистон вилояти жамоаларини осонликча енгиб 9 жамоанинг орасида 4 ўринни қўлга киритди.

Олма ота волейболчилари ҳафтасига 2 марта йиғилишади, аммо клубда рақобатнинг йўқлиги боис кучли жамоа яратиш муаммо бўлиб келмоқда. Бундан 10 йил олдин жамоанинг ўз ҳомийси бўлган вақтда яхши ўйинчилар моддий томонидан рағбатлантирилган ва бу спорт билан шуғулланиш учун қўшимча қизиқиш берган.

Олма ота шаҳридан борган бошқа спорт турлари вакиллари ҳам ҳомийларнинг йўқлиги боис Спорт клубидан ҳеч қандай маблағ олмайди.

Оддий спортдан фарқли равишда олма оталик ногирон спортчилар спорт билан соғлиғига фойда бўлгани учунгина шуғулланаяпти ва шу билан бирга мусобақаларда совринли ўринларни ҳам қўлга киритмоқда.

53 ёшли Владимир Бойко кўриш қобилияти паст бўлган вақтдан бошлаб енгил атлетика билан шуғулланади. Вақт ўтиши билан унинг кўзлари умуман кўрмай қолган, фақатгина ёруғликни пайқай олади.

Узоқликка сакраш ва турли масофаларга югириш бўйича бир неча йилдан бери олтин медалларни қўлга киритиб келмоқда.

- Спорт билан шуғулланганимиз учун бизга биров пул бермайди. Ҳаттоки ушбу мусобақада иштирок этганимиз учун устимизга майка беришиб, калта иштон ва оёқ кийимни ўзимиз топишимиз кераклигини айтишди, - дейди у.

Владимир кўзи ожизлар учун очилган корхонада ишлайди. Улар қистиргич ишлаб чиқаради. Меҳнат оғир бўлгани билан берилган ҳам жуда оз. Энг кўп маош бу ерда 100 долларни ташкил қилади.

Ишдан сўнг чарчаган бўлишига қарамай машғулотларда қатнашади.

Кўриш қобилиятида муаммоси борлар барча спорт турларида ҳамроҳи билан иштирок этади. Владимирнинг ҳамроҳи Данилбек Абубакаров унга ҳамроҳлик қилгани учун бир сўм ҳам ҳақ олмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Владимирнинг ҳамроҳи Данилбек Абубакаров унга ҳамроҳлик қилгани учун бир сўм ҳам ҳақ олмайди

Данилбекнинг вазифаси мусобақалардан олдин Владимир билан бирга шуғулланиш ва мусобақа давомида унга ҳамроҳлик қилиш.

Узунликкка сакраш вақтида Владимир мўлжалдан адашиб кетмаслиги учун Далинбек унга "хўп-хўп" дея ҳайқирароқ йўл кўрсатади. Турли масофаларга югириш вақтида эса Владимирга ип орқали боғланиб у билан теппа тенг тезликда югуради.

Владимир Бойко оёғида пайлари чўзилгани боис ва ёши бир жойга бориб қолаётгани ҳисобига бу йилги мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритолмасам керак деб ўйлаганди.

Аммо, узунликкка сакрашда олтин ва 100 ҳамда 200 метр масофага югиришда кумуш медалларни қўлга киритди.

- Медаллар ҳақиқий олтин ёки кумуш эмас. Соғлиғимни хавфга қўйиб югурганим учун ойлик ҳам олмайман. Аммо спорт ўзимга керак бўлгани учун ва Олма ота шаҳри шарафини ҳимоя қилиш учун унда шуғулланаман, - дейди Владимир Бойко.

Умумжамоа ҳисобида олма оталик спортчилар Қозоғистонда биринчи ўринни қўлга киритишди. Учинчи марта ўтказилаётган паралимпик ўйинларда Олма ота шаҳри кетма-кет 3-марта биринчи ўринни қўлга киритмоқда.