Қирғизистонда террор гумондорлари ҳибсга олинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Қирғиз расмийлари мамлакат жанубидаги Ўш вилоятида қатор террор ҳужумларини амалга оширишни режалаган 10дан ортиқ киши ҳибсга олинганини маълум қилишган.

Айтилишича, "Исломий жиҳод иттифоқи" аъзолари экани гумон қилинган шахслар президентлик сайловлари олдидан Қирғизистондаги вазиятни беқарорлаштириш ниятида бўлганлар.

"Аммо, биз беқарорликни олдини оламиз ва жанубда тезкор текширув амалиётлари олиб борилмоқда", деб айтган Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Кенешбек Дуйшебаев.

Матбуотга гапирган жаноб Дуйшебаев қўлга олинганлар орасида турли миллат вакиллари борлигини билдирган.

"У ерда турли миллат вакиллари, жумладан, қирғизлар, ўзбеклар, тожиклар ва уйғурлар бор", дейди у.

Қирғиз Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарининг урғулашича, 30 октябр куни режаланган сайловлар олдидан хавфсизликни таъминлашга қаратилган махсус дастур йўлга қўйилган. Кучайтирилган тартибдаги ушбу амалиётларга Қирғизистон хавфсизлик хизматлари ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари сафарбар этилган.

Бундан икки кун олдин Ўш шаҳри четида юз берган гаровга олиш ҳодисасида бир киши отиб ўлдирилгани хабар қилинганди.

Расмийларга кўра, қуролланган гаровгир Қорасувдан Ўш шаҳрига йўл олган маршруткадаги 15 нафар йўловчини гаровга олиб, шаҳарга киришга уринган пайти нишонга олинган.

Ҳодисада йўловчиларнинг зарар кўрмаган. Аммо, ҳозиргача, гаровгирнинг шахси ва қандай мақсадни кўзлагани хусусида ҳали аниқ гапирилмайди. Расмийлар ҳодиса юзасидан текширув ишлари давом этаётганини айтишган.

Сўнгги ҳодисалар Қирғизистонда 30 октябрга мўлжалланган президентлик сайловларига ҳозирлар қизғин тус олган бир пайтда кузатилмоқда.

Ўтган бир неча ой асносида расмийлар Қирғизистонда жангарилар фаоллашиши юзасидан огоҳлантириб келишган ва мамлакатнинг бир неча юз фуқарочи Покистондаги террорчилар жамлоқларида тайёрловдан ўтишганини даъво қилишган.

Ой бошларида Қирғизистон Мудофаа Кенгаши хавфсизлик хизматларига чегаралар назоратини кучайтириш ва президентлик сайловлари олди мамлакатга ноқонуний қурол-яроғлар олиб кирилишини олдини олишга буйруқ берганди.