Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Тожик аёллари орасида меҳнат муҳожирлари сони ортиб бормоқда

Image caption Тожикистонлик аёллар орасида меҳнат муҳожирлари сони сўнгги йилларда кескин ортган

Норасмий манбаларга кўра, Россия ва Қозоғистондаги бир милёндан ортиқроқ тожикистонлик муҳожирларнинг 15 фоизини аёллар ташкил этади.

Тожикистондаги ноҳукумат ташкилотларига кўра, ишсизлик, йўқсиллик ва жиддий ижтимоий муаммолар тожик аёлларини иш излаб хорижий давлатларга йўл олишларига сабаб бўлган.

Тожикистон президенти қошидаги Миграция Қўмитасига маълумотига кўра, тожик аёлларнинг оммавий муҳожирати 2000-йилларда бошланган.

Қўмитага кўра, ҳозирда 50 мингга яқин тожикистонлик аёл Россия ва Қозоғистонда меҳнат қилмоқда.

Аммо нодавлат ташкилотлар тожик муҳожир аёллари сонини расмий рақамлардан бир неча бор кўп деб ҳисоблашади.

Тожикистонлик муҳожир аёллар борасида тадқиқот олиб борган "Панорама" ноҳукумат ташкилоти маълумотига кӯра, хориждаги бир миллиондан ортиқ тожикистонлик муҳожирларнинг 17-18 фоизини аёллар ташкил этади.

"Панорама" ҳисоб-китобига кўра, ҳозир Россия ва Қозоғистоннинг ўзида икки юз мингга яқин тожикистонлик аёл муҳожир сифатида фаолият кўрсатмоқда.

Тожикистон жанубидаги Хатлон вилоятида фаол бўлган "Муҳожират" ноҳукумат ташкилотининг раисаси Гулбаҳор Муродованинг айтишича, Тожикистондаги ишсизлик ва йўқсиллик аёлларни иш излаб хорижга йўл олишларига мажбурлаган.

Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси аёллар бўлимининг раҳбари Зурафо Раҳмонийнинг айтишича, баъзе вақтларда эркаклар Россияга бориб, бир неча йил давомида оила аъзоларига пул юбормайдилар ёда Россияда уйланиб, ўша ерда қолиб кетадилар.

"Ночор қолган аёллар нон топиш учун Россияга борадилар," - дейди у.

Хонум Раҳмонийнинг таъкидлашича, мазкур фирқанинг муҳожирлар билан ҳамкорлик лоиҳаси чорчўбасида фирқанинг Суғд вилоятидаги бўлими масъул ходими Ҳафизахон Содиқова ёз пайтида Россияга бориб, муҳожир аёллар, жумладан беш юзга яқин Ислом Уйғониш Партияси аъзоларининг иш ва турмуш шароитлари билан яқиндан танишган.

Зурафо Раҳмонийнинг ишонишича, тожик аёлларининг оммавий муҳожирати миллатни инқирозига олиб келиши мумкин.

"Бизнинг назаримда, бугун тожик аёллари орасида муҳожирларнинг кўпайиши миллат келажагига катта хавф туғдириши мумкин. Зеро, аёллар уй бекаси, наслни давом эттирувчилардир. Уларнинг мамлакатни тарк этишлари демографик ва фарзанд тарбиясида жиддий муаммоларга олиб келиши эҳтимоли бор," - дейди Зурафо Раҳмоний.

Image caption Аёллар орасида меҳнат муҳожирлари сонининг ортишига иқтисодий қийинчиликлар мажбурлаган

Ноҳукумат ташкилотлар маълумотига биноан, муҳожирлар сонининг аёллар жумласидан кўпайиши ортидан муҳожир аёлларни Россияда вафот этиши ёда ўлдирилиши ҳоллари ҳам купайган.

Тожик аёллари орасида номатлуб амаллар, жумладан гиёванд моддаларни Россияга етказиш ёда фоҳишалик билан шуғулланаётганлари ҳам йўқ эмас.

Расмий маълумотга кўра, биргина Россиянинг қамоқхоналарида ўнлаб тожикистонлик аёллар жазо муддатларини ўташмоқда.

Ўзини Гулмира деб таништирган душанбелик аёл ўтган йил унинг турмуш ўртоғи Россияда рус тақирбошлари томондан ўлдирилиб, ёқиб юборилганини айтди.

Гулмиранинг айтишича, ҳалигача эрини ўлдирган шахслар қӯлга олинмаган.

Тожикистондаги "Перстиктива Плюс" ноҳукумат ташкилоти раиси Ойниҳол Бобоназарованинг айтишича, Россияда вафот этган ёда ўлдирилган тожикистонлик аёллар сони борасида аниқ маълумот йўқ.

Аммо мазкур ҳодисаларнинг тобора ортиб бораётгани Тожикистон жамоатчигини ташвишга солган, дейди Ойниҳол Бобоназарова.

"Ўтган йил фақат учоқлар орқали россиядан 58 муҳожир аёлнинг жасади Тожикистонга келтирилди," - дейди у. - "Албатта, бу расмий манбалар берган маълумот."