Қозоғистон етиштирган буғдойи учун янги бозорларни қидирмоқда

Буғдой хирмани
Image caption Қозоғистон мисли кўрилмаган буғдой ҳосили олгани сабабли Марказий Осиё бозорларида ун нархи тушиб кетди

Қозоғистонда бу йил мисли кўрилмаган буғдой ҳосилини йиғиш кутилмоқда.

23-24 миллион тонна буғдой олишни кўзлаётган Марказий Осиёнинг энг йирик республикаси уни сақлаш ва сотишда муаммоларга юзма-юз келмоқда.

Буғдой экспорт қилиш бўйича дунёдаги 5 давлатдан бири бўлмиш Қозоғистоннинг океанга тўғридан-тўғри чиқа олмаслиги ҳам хосилни четга сотиш борасида муаммолар яратган.

Керакли жойга бозор нархида буғдой етказолмаётган Қозоғистон ҳосилини бир мунча арзон баҳода жанубдаги қўшнилари Ўзбекистон, Тожикистон ва Афғонистонга сотишга мажбур.

Қозоғистон ушбу муаммони ечиш учун Россия ва Эрон давлатлари билан алмашиш амалиётини ўтказмоқчи.

Шу билан Қозоғистон ўз буғдойини форс кўрфази ва Болтиқ бўйи давлатларига сотишни мўлжалламоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазири Асилжан Мамитбеков буғдойни бозор нархларида сотиш учун Россия ва Эрон билан келишувлар олиб борилаётганини айтди.

"Россияда асоссий буғдой жанубда етиштирилади. Шимол ва узоқ шарқда истеъмол қилинади. Уларда ҳам хосилни етказиш харажатлари каби муаммолар бор. Биз эса буғдойни Қора денгиз томонга етказишимиз керак. Икки томон учун ҳам фойдали бўлган имкониятни кўриб чиқамиз," - дейди Асилжан Мамитбеков.

Дунё океан йўлларига тўғридан-тўғри чиқолмайдиган Қозоғистон буғдойни бозор нархида экспорт қилиш борасида ҳар доим муаммоларга дуч келади.

Шўролар даврида қурилган элеваторлар аллақачон хусусий қўлларга ўтиб кетган ва янгиланмаган.

"Албатта буғдойни сақлаш борасида муаммо юзага келади. Элеваторлар йиғилган ҳосилни сиғдира олмайди. Бундан ташқари Қозоғистонда буғдой ташувчи улов кўп эмас. Шу сабабдан Россия ва Болтиқ бўйи компанияларидан вагонларни ижарага олишга тўғри келади. Бунинг ҳаммаси буғдой нархини кўтарилишга хизмат қилади," - дейди қозоғистонлик таҳлилчи Фёдр Сергеев.

Ҳукумат қўлламоқчи бўлаётган алмашиш амалиёти рўёбга чиқса Қозоғистон иқтисодига қўшимча маблағ келиши кутилмоқда.

Лекин, шу билан бирга, ички бозордаги нархлар ҳам кўтарилиши мумкин.

Бу йил ҳосил кўп бўлгани боис нархлар ўтган йилгидагидан икки баробар тушиб кетди.

Айни вақтда бир тонна буғдойнинг нархи 121 АҚШ доллари атрофида.

Ҳосил кам бўлган ўтган йили бу нарх икки баробар баланд эди.

Шу вақтгача Қозоғистон буғдойининг асосий харидорлари бу жанубий қўшнилари - Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистон бўлиб турибди.

Мисли кўрилмаган ҳосил кутилаётгани боис бу давлатларга экспорт қилинадиган буғдой нархи ҳам кескин тушиб кетган.

Мажлис депутати Ромин Мадинов бу йил ҳосил мўл бўлгани боис қўшниларга буғдой сув текинга кетаётганидан нолийди.

Депутат ушбу давлатларга буғдой сотишни Қозоғистон ҳукумати ўз зиммасига олишни ва нархларда маълум чегара бўлиши кераклигини таклиф қилмоқда.

Таҳлилчи Фёдр Сергеев қўшни давлатлар Қозоғистон буғдойининг барқарор харидори экани ва нархлар бозор талаблари асосида шаклланишини айтади.

Ўзбекистон Қозоғистоннинг энг яқин қўшниси ва сифатли қозоқ буғдойи бу ерда ҳар доим бозоргир бўлиб келган.

Масофанинг яқинлиги ва транспорт учун қулай бўлгани учун ҳам жанубий қўшнилар, шу жумладан Ўзбекистон ҳам, Қозоғистонда чириб кетиш эҳтимоли бўлган қозоқ буғдойининг асосий харидорлари саналади.

Рақобатнинг йўқлигидан фойдаланган ушбу давлатлар қозоқ буғдойини деярли ички нархлар билан бир хил баҳода сотиб олишади.

"Қозоғистон куч ишлатиш усуллари билан нархни кўтара олмайди. Фақатгина экспортга бож жорий қилиш орқалигина нархни кўтариши мумкин. Аммо бу йил мамлакатда ҳосил керагидан ҳам ортиқ ва уни сақлаш муаммо бўлгани боис бу йўл фойдали эмас," - дейди Фёдр Сергеев.

Таҳлилчига кўра, Қозоғистоннинг асосий буғдой импортчиларидан бўлмиш Ўзбекистонда қозоқ буғдойининг нархи ўтган йилгига нисбатан тушиши кутилмоқда.