Қирғизистон иқтисодида яна ўсиш кузатилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Қирғизистон иқтисодининг ўсишида Канада ширкати билан биргаликда тузилган "Кумтор" қўшма корхонаси алоҳида рол ўйнагани айтилмоқда.

Қирғизистон Миллий Статистика Қўмитаси ошкор қилган маълумотларга кўра, мамлакат Ялпи Ички Маҳсулот ўсиш суръати жорий йилнинг январ-сентябр ойи ўртасида 8.7 фоизга ўсган.

Мамлакат турли сиёсий ва этник тало-тўпларга юз тутган 2010 йилнинг худди шу даврида мазкур суръат 1.2 фоизга тушгани хабар қилинганди.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистондаги инфляция ҳам ўтган йил билан солиштирганда 4.4 фоизга секинлаган.

Қирғизистон иқтисодий ўсишида асосий ролни Канаданинг "Сантерра Голд" ширкати билан "Кумтор" олтин қазиб чиқариш ширкати ўртасидаги қўшма корхона ўйнаган дейилмоқда.

Бу қўшма корхона маҳсулоти бутун мамлакат Йиллик Ялпи Ички Маҳсулот ҳажмининг 9.4 фоизини ташкил қилган.

Reuters хабар агентлигининг молиявий таҳлил бўлимига кўра, "Қумтор"сиз Қирғизистон иқтисоди ўсиши атиги 6.8 фоизни ташкил қилган бўларди.

Инфляция даражаси икки баробарга тушганлиги харидорлар учун яхши хабар бўлиши мумкин, лекин улар бунинг таъсирини ўзларининг кундалик ҳаётларида не қадар сезаётганалиги ҳозирча номаълум.

Аммо, Қирғизистон иқтисоди ўсишининг янги кўрсаткичларини ўтган йилги ҳодисалар манзарасида таҳлил қилмоқ лозим.

Мамлакат жанубида рўй берган этник зўравонликлар ва сал аввалроқ Бакиев ҳукуматининг ағдарилиши иқтисод ўсишига катта таъсир кўрсатган.

Қирғизистоннинг минтақадаги қўшнилари ўсишда давом этган вақтлари, мамлакат иқтисоди аксинча ортга қараб кета бошлади.

Қирғизистондаги хорижий сармоядорларнинг қисмати эса Жанубий Африканинг "Голдфиелдс" ширкати вакилининг Би-би-си билан шу ҳафта мобайнидаги суҳбатидан аён бўлди.

Унга кўра, ширкатнинг Талас минтақасидаги лойиҳасининг бирон қисми охирги бир неча ой мобайнида амалга оширилмаган.

"Голдфиелдс" ширкати ноябр ойида лойиҳани қайта амалга оширишни бошлаши ҳақида маълум қилган.

Кончилик Қирғизистон иқтисодида алоҳида рол ўйнаши назарда тутилса, бу иқтисодий ўсиш бобида ижобий хабардир.