ЖҲҚ: 'Тожикистон мухбирларни қўйиб юбориши керак'

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган халқаро Журналистларни Ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси Тожикистондаги Би-би-си мухбири Ўринбой Усмон ва маҳаллий журналист Маҳмадюсуф Исмоиловларга нисбатан адолатни қарор топтиришга чақирган.

Қўмитанинг Оврўпо ва Марказий Осиё дастурлари бўйича раҳбари Нина Огниановага кўра, ҳар икки журналист ҳам журналистик фаолиятлари учун жазоланмоқдалар.

Бугун Тожикистон маҳкамаси Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонга қарши айбловлар юзасидан ҳукмни эълон қилиши кутилади.

59 ёшли журналист Ҳизбу Таҳрир ноқонуний диний гуруҳига алоқадорликда айбланмоқда. Агар у айбдор деб топилса, 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Аммо, шу вақтнинг ўзида журналистга нисбатан “Авф тўғрисидаги қонун”ни қўллаш ҳам сўралган.

Журналистларни Ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси ўз баёнотида Тожикистондаги маҳаллий журналист Маҳмадюсуф Исмоиловнинг ҳам узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилиши эҳтимолидан хавотир билдирган.

Журналист устидан Сўғд вилоятида бўлиб ўтаётган маҳкама жараёнида давлат айловчиси унга 16 йил қамоқ жазоси берилишини талаб қилган.

Тожикистондаги "Нури зиндаги" нашри мухбири бўлган жаноб Исмоилов туҳмат қилиш, маҳаллий ва миллий адоват уйғотиш каби айбловлар билан маҳкамага тортилмоқда.

Журналистларни Ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси баёнотида "Ўринбой Усмон ва Маҳмадюсуф Исмоиловларга нисбатан тўқиб чиқарилган жиноий айбловларни бекор қилиш ҳамда уларни ҳеч қандай шартларсиз қўйиб юборишга" чақирилади.