Президент Назарбоев баҳсли қонунга имзо чекди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Энди давлатга қарашли бўлган муассалар, жумладан, ҳарбий хизмат, давлат иш ўринлари ва ўқув юртларида ибодат қилиш тақиқланади

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев "Диний фаолиятлар ва бирлашмалар тўғрисида"ги қонунга имзолаган. 13 йилдан бери қабул қилинмай келган қонун бу сафар ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.

Қонуннинг 7 моддаси бўйича энди давлатга қарашли бўлган муассалар, жумладан, ҳарбий хизмат, давлат иш ўринлари ва ўқув юртларида ибодат қилиш тақиқланади.

Халқаро ташкилотлар қонун қабул қилинмасданоқ у юзасидан хавотирларини билдиришган ва уни қайта кўриб чиқилишига умид қилишганди. Кузатувчилар ушбу қонун томонидан белгиланган намозга доир таъқиқ мусулмонлар томонидан бажарилмаслигини тахмин қилишмоқда.

Мусулмонлар диний идораси ва Қозоғистон мусулмонларининг қонунга оир сўнгги умидлари амалга ошмади. Кескин муҳокамалар ва мурожаатларга қарамай элбоши Назарбоев "Диний фаолиятлар ва бирлашмалар тўғрисида"ги қонунга имзо чекди.

Чимкент шаҳрида қонунга ўз муносабатини билдирган Назарбоев:

- Қонун қабул қилинди, аммо сизларни ишонтириб айтаманки, ҳеч қандай чекловлар бўлмайди, - деб айтди.

Аммо, элбоши мунозара ва муҳокамаларга сабаб бўлган намоз ўқишга тақиқ банди ҳақида бирор изоҳ бермади.

Бунгача қонун юзасидан халқаро ташкилотлардан тортиб ҳар доим ҳукуматнинг позициясини маъқуллайдиган Қозоғистон Мусулмонлар диний идораси ҳам ўз услубида қонундан норози эканлигини билдирган эди.

"Ушбу банд қонунимизга ва давлатимизга нисбатан одамларда хафагарчилик туғдириши мумкин. Хафагарчиликлар эса турли натижаларга олиб келиш эҳтимоли кучли", - дейди Мусулмонлар Диний идораси матбуот котиби Ўнғар Ўмирбек.

Диний идора конституцион кенгаш ва президент томонидан ушбу қонун лойиҳаси ортга қайтарилишига умид қилганди. Аммо, қонун кучга киргач Диний идора қонунни бажаришдан бошқа чора йўқлигини таъкидламоқда.

"Биз мусулмонлар иш вақти давомида масжидга югуриб қийналмаслиги учун қандайдир енгиллик бўлишини истаймиз. Аммо қонун қабул қилингандан сўнг унга амал қилиш керак", - дейди Олма ота бош имомининг ўринбосари Нурмуҳаммад Иминов.

Оддий намозхонларнинг айримлари ушбу қонунда кўрсатилган таъқиқлар бажариб бўлмаслигини айтса, баъзилар ушбу қонунга мослашиши кераклигини таъкидламоқда.

- Иш вақтида ишлаб, намоз вақтида масжидга вақт топиб келиш керак. Мен ҳаётим давомида намозга вақтни топиб қўйиб кейин ишга шўнғийман, - дейди намозхонлардан бири.

Қозоғистон мусулмонлар иттифоқи раиси Мурат Телибеков давлат идораларида намоз ўқишни таъқиқловчи банд мусулмонлар томонидан бажарилмайди деган фикрда.

"Ушбу қонуннинг айрим қисмлари инкор қилинади. Маълум вақт ўтганидан сўнг қонундаги кўплаб моддалар бекор қилинади," - дейди Мурат Телибеков.

Қонун қабул қилингани билан айнан унинг ибодатни тақиқловчи банди борасида саволлар ҳамон очиқ қолмоқда. Чунки 7 моддада давлат идораларида намоз ўқиш таъқиқланса-да, ушбу моддани бузган шахсларга ҳеч қандай жазо белгиланмаган.

Олма ота Хелсинки қўмитаси раҳбари Нинель Фокинага кўра ушбу қонунни қабул қилиниши жамиятдаги бошқа эркинликларни таъқиқловчи қонунларни қабул қилинишига йўл очади.

"ОАВ тўғрисида, Жамоат ташкилотлари ва Сиёсий партиялар тўғрисидаги қонунларга ҳам ўзгартиришлар киритилишини кутинглар,"- дейди Нинель Фокина.