'Ўш шаҳрида сайловчиларни рўйхатга олишда муаммолар бор'

Қирғизистоннинг Ўш шаҳри сайлов мулозимлари шаҳардаги ўзбеклар ўз номларининг сайлов рўйхатига киритилишига монеълик қилаётганлари ҳақидаги хабарларни рад этганлар, бироқ сайловчиларни рўйхатга олишда тўсиқлар мавжудлигини тан олганлар.

30 октябрга мўлжалланган президентлик сайлови учун сайловчиларни 20 октябрга қадар рўйхатдан ўтказиш лозим, мулозимларга кўра, Ўшдаги айрим хонадонлар эгалари дарвозаларини очмаган ҳоллар бўлган, бунинг сабаби сайловчилар кўп сондаги кампаниячилардан чарчаганларидан бўлиши мумкин.

"Бундай ҳолатлар бир неча марта қайд этилди. Ҳозир президентликка номзодларнинг ишончли вакиллари, улар учун овоз бершини тарғиб этаётган гуруҳлар уйма-уй юришипти, мана энди бизнинг сайлов комиссиямиз ходимлари ҳам иш бошлашди. Балки одамлар эшикни очаверишдан чарчашгандир, дейди Ўш ҳудудий сайлов комиссияси котибаси Саадат Маматалиева.

Ўш шаҳри сайлов масъулларига кўра, шаҳарнинг ўзбек миллати вакиллари ўзларини сайлов рўйхатига киритилишига қаршилик қилаётганлари ҳақидаги хабарлар нотўғри, ўзининг эшик ёки дарвозасини очмаётганлар орасида қирғизлар ҳам бор.

Ўтган йил июн ойидаги қонли ҳодисалардан кейин Қирғизистон жанубидаги ўзбек миллатига мансуб инсонларнинг хорижга, айниқса, Россияга кўп сонда чиқиб кетганлари хабар қилинган.

Бу йил Россия расмийлари Россия фуқаролигини олганлар орасида қирғизистонликлар кўпчиликни ташкил этишини маълум қилган, уларнинг ҳам аксари ўзбеклар эдилар.

Шундай бир шароитда Қирғизистон жанубидаги сайлаш ҳуқуқига эга ўзбекларни рўйхатга олиш ҳам мушкуллашгани аён.

Боиси, кимдир бир манзилда рўйхатга олинган бўлса-да, бошқа мамлакатда яшаётган бўлиши ҳам мумкин.

Бироқ Ўш шаҳри сайлов комиссияси котибаси Саадат Маматалиева айтишича, улар ҳар бир фуқарони рўйхатга олишнинг уддасидан чиқадилар.

Ҳозир сайлов комиссияси, шаҳар маъмурияти ва ноҳукумат ташкилоти вакилларидан иборат гуруҳлар Ўшда 121 мингдан ортиқ сайловчини рўйхатга олганлар.

"Биз рўйхатга олган сайловчилар сони 4-5 мингга кўпайиши мумкин", дейди Саадат Маматалиева.

Ўш шаҳрининг жами аҳолиси бугунги кунда 300 мингга яқин деб кўрилади.

Қирғизистон президентлиги сайлови 30 октябрга режаланган.

Қирғизистоннинг сўнгги конститутциясига мувофиқ давлат президенти 6 йиллик муддатга сайланади.

Қирғизистон Сайлов комиссияси 23 номзодни рўйхатга олган.

Бироқ улардан тўрт нафари ўз номзодини қайтариб олганлар.