Қирғизистонда ким нима мақсадда намойишга чиқади?

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги билдиришича, мамлакатда шу йил бошидан буён мингдан ортиқ норозилик намойишлари ўтказилган.

Уларнинг ярмидан кўпроғида сиёсий талаблар қўйилган ва аксарияти ижтимоий тартибни бузиш билан кузатилган.

Бу эса, ҳар куни мамлакатда камида учтадан намойиш ташкил этилади деганидир.

Воқеалик мазкур намойишларни ўтказиш маданияти юзасидан баҳсу мунозараларга туртки бермоқда.

Ушбу оммавий чиқишлар иштирокчиларини қандай мақсадлар кўчаларга етаклайди?

Пойтахт Бишкекда ўтган кўплаб намойишлар ташкилотчиларидан бири Ундириш Тўхтаносиров:

"Мен намойишларга кандай иштирок этиб қолдим? Бакиев даврида фаоллаша бошладим. Чунки Бакиев давридаги ҳокимият "Озодлик" халқаро радиосини ёпиб ташлаганди", - дейди Тўхтаносиров.

Лекин, барча норозилик намойишларини ҳам жамият учун аҳамиятли деб бўлмайди.

Қирғизистондаги таниқли сиёсатшунос Табилди Акеровнинг айтишича, кўплаб чиқишларда фақат бир неча нафар одам, асосан қариндош-уруғлар йиғилиб, йўлларни тўсишади ёки маъмурий биноларни ноқонуний эгаллаб, давлат арбоблари келишини талаб қилишади.

"Улар бир маҳалладаги келишмовчиликларни жамият муаммосига етказишга интилишади. Бу жихат ҳам ушбу тадбирларнинг ғавғога айланишига сабаб бўлади", дейди таҳлилчи. Табилди Акеров айрим намойишларда сиёсий рақибларни ҳатто ҳақорат қилишгача борилгани, баъзилари ортида жанжал кўтариш, ва ҳукумат фаолиятини ёмон кўрсатиш ҳаракати ётишини айтади.

Аммо, нима сабабдан, кўплаб намойишларда ғазабнок одамлар иштирок этади ва улар ўз рақиблари нега ҳурмат қилмайдилар? Бу саволимга Ундириш Тўхтаносиров шундай жавоб беради:

"Менинг кўзим тушган бир жиҳат шуки, баъзи оммавий тадбирлар маҳаллий ҳокимиятлар арзимаган муаммоларни ҳал эта олмасликларидан бошланади. Албатта, қишлоқ, туман миқёсида ечимини топмаган масала пойтахт Бишкекка ва ё давлат парламентига етиб боргунча, жуда кўп одамлар ғазабланиб қолишади", - дейди нодавлат фаол.

Сиёсий тахлилчи Табилди Акеровнинг фикрича, Қирғизистондаги кўплаб норозилик намойишларини тинч дея таърифлаш мумкин бўлмаган булмайдиган ҳолатга ўтиши бошқа сабаблар билан бирга, энг аввало, янги сиёсий маданиятнинг ҳали шаклланиб улгурилмаганидир.

"Қирғизистон сиёсатчиларнинг деярли барчаси собиқ Совет Иттифоқи даврида шаклланган маданият доирасида фаолият олиб боради. Улар худди ўша даврда таълим-тарбия олишган. Албатта, ўзларида янги шаклдаги сиёсий маданият, фикрларини ифодалаш маданияти бўлмагач, Қирғизистон жамиятига ҳам намуна бўлолмайдилар, - дейди таҳлилчи.