Тожикистон Афғонистондаги халқаро кучларга қандай ёрдам бера олади?

Ҳиллари Клинтон Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ҳиллари Клинтон жорий ҳафта охирида Марказий Осиёга иккинчи бор сафар қилиши кутилмоқда

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон жорий ҳафта сўнгида Ўзбекистон ва Тожикистонга сафар қилиши кутилмоқда.

Хабарларга кўра, Афғонистондаги вазият ҳамда Ўзбекистон ва Тожикистоннинг Афғонистондан 2014 йилга режаланган хорижий кучларни олиб чиқиш жараёнида иштирокларини муҳокама этиш расмий музокаралар пайти кўриладиган асосий масалалардандир.

Таҳлилчилар охирги пайтларда Ўзбекистон билан АҚШ муносабатларининг қайта жонланаётганига туртки берган асосий омил ана шу эканини айтиб келишади.

Нақлиёт ва техник жиҳатдан Ўзбекистонда бу соҳада анчайин имкониятлар мавжудлиги маълум, лекин Тожикистоннинг айни жараёнда иштироки қандай бўлиши мумкин?

Расмий Душанбе Қўшма Штатларга нималарни таклиф қила олади?

Би-би-си айни савол билан Тожикистон Стратегик Тадқиқотлар Институти раҳбари Суҳроб Шарипов билан суҳбатлашди.

Image caption Суҳроб Шариповга кўра, Тожикистон 2014 йилга қадар ҳарбий салоҳиятини кучайтириш зарур.

Суҳроб Шарипов: АҚШ эътиборини қарата олладиган бир неча жиҳат бор. Биринчидан Тожик томонининг Афғонистоннинг турли доираларида, тожик қўмондонлари ва шимолий иттифоқнинг собиқ қўмондонлари орасида анчайин кучли лоббиси бор. Уларнинг ҳам Тожикистон раҳбарияти билан алоқлари анчайин яхши ва қайсидир маънода тожик томони айтган сўзлар ва маслаҳатларга қулоқ тутадилар. Иккинчи томондан, Тожикистон нақлиёт ва техник тизимини, айнан Афғонистонни назарда тутиб анчайин жиддий ривожлантирмоқда. Тожикистонни Афғонистон билан боғловчи бешта кўприк қурилган, улардан иккиси анчайин йирик ва муҳим, биттаси эса Панж дарёсининг қуйи оқимида бўлиб, стратегик аҳамитяга эгадир. Ана шу кўприклар Афғонистондан иттифоқчи кучларни олиб чиқиш жараёнида ёда уларнинг хавфсизлигини таъминлашда анчайин катта рол ўйнашлари мумкин. Ана шу ўринда қўшинлар олиб чиқилганидан сўнг Афғонистонда эҳтимолий Америка ҳарбий базаларининг бўлиши ва бу масалага Тожикистон томонининг муносабати ҳам эътиборга лойиқ, деб айтган бўлардим. Балким қўшинларни олиб чиқиш жараёнида Тожикистон ҳудудидаги баъзи объектлардан фойдаланиш масаласи ҳам кўриб чиқилиши эҳтимоли бордир. Масалан, Айнидаги аэродромдан фойдаланиш каби масалалар.

Би-би-си: Афғонистон ҳудуди билан боғловчи кўприкларни тилга олдингиз, айтайлик, қўшинлар ва техникани бу кўприклар орқали Тожикистон ҳудудига олиб ўтилди, у ёғига йўналиш қандай бўлади?

Суҳроб Шарипов: Ундан у ёғига фикримча, йўл осон. Бизда чегарадан узоқ бўлмаган ҳудуларда қатор аэропортлар бор. Панжнинг қуйи оқимидаги кўприкка яқин ерлда Қўрғонтепа аэропорти бор. Кўлобда ҳам аэропорт бор. Бу ҳам кўприкка яқин ва анчайин замонавий инфраструктурага эга. Мен бир нарсани айтиб ўтмоқчи эдим: Тожикистон иттифоқчи кучлар ўнгига Тожикистон ҳарбий салоҳиятини оширишга ёрдам бериш масаласини қўйишга ҳақли, менимча. Фикримча, иттифоқчи кучлар Тожикистоннинг ҳарбий салоҳиятини кучайтиришга ёрдам беришади, деб умид қилишимиз мумкин. Масалан, баъзи қурол турларини бизнинг қуролли кучлармизга ва чегара қўшинлармизга топшириш каби. Чунки 2014 йилдан сўнг техник жиҳатдан яхши жиҳозланган ва қуролланган қуролли кучларга эга бўлиш Тожикистон учун жуда муҳим бўлади.