Туркманистонда яна бир ғайриодатий иншоот - қишки спорт комплекси очилди

Шахсан президент Гурбангули Бердимуҳаммедов иштирокида бўлиб ўтган ҳашаматли очилиш маросими ортидан, Туркманистонда бу гал қишки спорт турлари учун мўлжалланган улкан спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди.

“Ассошэйтед Пресс” ахборот агентлиги тарқатган хабарларга кўра, маросимни қўлларида оқ ва яшил рангли пуфаклар кўтариб олган 10 мингга яқин киши томоша қилган.

Тадбир чоғида президент Бердимуҳаммедовни мадҳия этувчи қўшиқлар ижро этилган.

Хорижлик фигуристлар ва цирк усталари ўз санъатларини намойиш этишган.

Ўзининг жазирама иссиғи билан ном чиқарган Туркманистон ўз мустақиллигини эълон қилган ўтган 20 йил бадалида ҳали ҳеч қачон Қишки Олимпиада Ўйинларида иштирок этмаган.

Аммо, хабарларга кўра, 2014 йил Россиянинг жанубий Сочи шаҳрида бўлиб ўтиши кутилаётган ўйинларга ўз миллий жамоасини юборишни режаламоқда.

Туркманистонда об-ҳаво асосан илиқ ва ўта иссиқ бўлади. Қор камдан-кам ёғади.

Лекин, шунда ҳам, бу – президент Гурбангули Бердимуҳаммедовни қишки спорт мажмуаси қуриш аҳдидан қайтара олмаган.

Марҳум Туркманбоши Сапармурот Ниёзовнинг кутилмаган ўлими ортидан 2007 йилда қудратга келган жаноб Бердимуҳаммедов орада кечган вақт давомида спорт ва спорт иншоотларига бўлган қизиқиши билан танилиб улгурган.

Энг катта Олимпия мажмуаси

Туркманистон ўтган йил ноябр ойида Осиё Ўйинлари каби йирик халқаро спорт мусобақаларига мезбонлик қилиш учун Марказий Осиёдаги энг катта Олимпия мажмуасини қуришга киришганди.

5 миллиард долларга тушиши айтилаётган янги лойиҳа ташаббуси билан ҳам Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов чиққанди.

Туркман раҳбари маданий ва спорт иншоотларини қуриш билан Туркманистонда буюк ўзгаришлар қилиш истагида эканини айтиб келади.

Президент Бердимуҳаммедовнинг урғулашича, улкан Олимпия спорт комплекси, "Туркманистон ва Марказий Осиёнинг фахрига айланади".

Туркман раҳбари янги мажмуа маҳаллий спортчилар орасидан халқаро миқёсдаги юлдузларни тарбиялаб чиқариш йўлидаги муҳим қадам эканини ҳам айтганди.

Ҳозир лойиҳанинг қарийб 2 миллиард долларга тушувчи биринчи қисмини қуриш ишларига киришилган.

Туркия қурилиш ширкати мутасаддиларига кўра, Олимпия спорт комплекси 2016 йилгача қуриб битказилади ва Туркманистон бемалол 2017 йилги Осиё Ўйинларига мезбонлик қилишга даъво қила олади.

Уларга кўра, ҳали бунақанги муҳташам Олимпия мажмуаси бирор бир Марказий Осиё давлатида қурилмаган.

Билдирилишича, комплекс таркибига кирувчи Олимпия стадиони Халқаро Спортчилар Федерацияси, Халқаро Футбол Федерацияси ва Халқаро Олимпия Қўмитаси мезонлари асосида қурилади. Ва 60.000 кишига мўлжалланган бўлади.

Мавжуд спорт мажмуалари халқаро талабларга жавоб бера олмагани учун ҳали бирор бир Марказий Осиё давлати Осиё Ўйинларига мезбонлик қила олган эмас.

Ўз ўрнида Туркманистонга виза олишнинг қанчалик қийинлигини назарда тутган кўплаб кузатувчилар орасида Туркманистоннинг бу каби амбицияларини савол остига олаётганлари ҳам анчагина.

Аммо бу - биринчиси эмас!

Туркманистон бундан аввал ҳам ўзининг оламшумул қурилиш лойиҳалари билан тилга тушган.

Дейлик, марҳум Туркманбоши Сапармурот Ниёзовнинг жазирама иссиқ Туркманистонда минг кишига мўлжалланган муз саройи қуриш таклифи анчагина шов-шувларга сабаб бўлганди.

Туркманистонда, шунингдек, дунёдаги энг йирик масжидлардан бири ҳам қад ростлаган.

Туркманистонда минглаб чақирим узоқликдан келтирилувчи сув эвазига саҳрода барпо этилиши режаланган янги кўл лойиҳаси ҳам поёнига етиб қолган.

"Олтин аср" деб номланувчи янги кўл лойиҳаси дунёдаги энг йирик ва осмонўпарларидан биридир. Унинг қиймати озмунча эмас - 20 миллиард долларга тенг бўлиши мумкин.

Гурбангули Бердимуҳаммедов 2007 йилда Каспий денгизи соҳилида мамлакатнинг асосий сайёҳлик масканини бунёд этишга 1 миллиард доллар маблағ сарфлаш ва бунга қўшимча хориж сармояларини жалб этиш режасини ҳам эълон қилганди.

Туркманистон дунёдаги энг йирик газ ва нефть захираларига эга давлатлардан бири сифатида кўрилади.

Туркман раҳбарияти улкан қурилиш лойиҳаларига миллиардлаб доллар маблағ сарфлаётган бир пайтда, маҳаллий кузатувчилар эса, Туркманистонда ишсизлик чуқур илдиз отгани, озиқ-овқатлар нархларининг қимматлиги, аҳолининг олаётган маоши оз экани боис, ҳаёт кечиришнинг қийинлиги ҳақида кўп гапиришади.