Олма отада Қирғизистондаги тикланиш даврига оид суръатлар кўргазмаси

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Олма ота шаҳрида "Керак бўлган жойда бўлмоқ лозим" деб номланган суръатлар кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

БМТ халқаро кунига бағишлаб ўтказилаётган ушбу кўргазмада июнь ҳодисаларидан кейин Қирғизистондаги тикланиш ишлари акс эттирилган.

Асосан, халқаро ташкилотлар кўмаги асосида одамларга меъёрий ҳаётни қайтаришни кўзловчи ушбу ёрдамлар сураътларда кўрсатилган.

Кўргазмани томоша қилган Қозоғистондаги ўшлик қочқин ўзбеклар тикланиш ишлари акс этган суръатлар уларда келажакка умид уйғотмаганини айтади.

Ўшлик Муҳайё опа айни дамда Қозоғистонда муҳожирликда юрибди. Ўшдаги тикланишлар акс этган расмда ўз қариндошлари суръатини кўриб қолди. Халқаро ташкилотларнинг ёрдами асосида аёллар уйи куйганлар учун кўрпа-тўшак қавимоқда.

"Ёрдам қилиб материал ва бошқа нарсаларини олиб келиб беришди. Кўрпа-тўшак қилаётганларга буюртма қилишиб, пулини беришди. Кўрпа- тўшакларни сотиб олишиб уйи куйганларга тарқатишди", - дейди Муҳайё опа.

Олма ота шаҳри марказидаги КИМЭП олийгоҳида Ўш воқеаларидан кейинги тикланишлар ҳақида ҳикоя қилувчи 50 га яқин расм қўйилган. Ушбу суъратларда асосан жабр кўрган одамларга уйлар қуриб бериш, уларни иш билан таъминлаш ва ҳужжатларини тўғрилаб бериш каби кўмаклар акс эттирилган.

Бироқ, қонли июнь воқеаларини бошидан кечирганлар эса, ушбу расмлар Ўшнинг келажаги ҳақида бирор умид бермаслигини айтишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

- Келажагимни қаерда кўришни ҳеч ҳам тасаввур қила олмаяпман. Ҳаётдан умид ва мақсад йўқ бўлиб қолаяпти, -дейди Гулзуҳра Зокирова.

Гулзуҳра опа қирғин бўлгунича Ўшда тадбиркорлик билан шуғулланарди. Аёлларга тикувчилик сирларини ўргатиб, давлат хазинасига солиқ тўларди. Бир муддатнинг ичида у ҳам бизнеси, ҳам ватанини йўқотди.

Муҳайё опанинг асли касби ўқитувчилик. Ўш воқеалари бўлган кунларда 5 - фарзандига ҳомиладор бўлган, атрофдаги даҳшатларни кўриб ва эшитиб, оиласи билан Олма отага қочиб келган.

Муҳайё опа Қирғизистонда олиб борилган тикланишлар, бу ерда тинчлик яна бузилмаслигга кафолат бермаслигини айтади.

"Ўша воқеалардан кейин Калинин кўчасида бир қирғиз ёрдам бериш учун ўзбекларни уйига қўйган. Уни нимага сен ўзбекларга ёрдам бердинг деб қамашди. Яна биттаси бир машина товуқ оёғини сотиб юрганда ўзбекларга ёрдам тариқасида берибди. Уни ҳам сўроқ жавоб қилишди", - дейди Муҳайё опа.

Ўшлик қочқинлар халқаро ташкилотлар томонидан олиб борилган тикланишлар аввалгиларнинг ўрнини босолмасигини таъкидлашади.

"Қанча нарсалар ёниб кетди. Одамларнинг уйи ёнди. Менинг жиянимнинг уйига ўт ёқиб юборишди. Уларга ҳозир уй қуриб беришяпти-ю, лекин ўз ўрнига келмайди. Бироқ биз осонгина Аллоҳ ўзи кифоя қилсин деб қўямиз, Аллоҳ барибир қасдимизни олиб беради", - дейди Муҳайё опа.

Халқаро жамоатчиликнинг кўмаги асосида 10 мингдан ортиқ одам иш билан таъминлангани айтилади. Яна юзлаб уйлар қайта тикланган.

Ўш даҳшатларини бошидан кечирганлар ушбу жиноятни амалга оширилган жазоланмагунча, бундай воқеаларнинг яна такрорланмаслигига ва тикланган уйлар яна барбод бўлмаслигига ҳеч ким кафолат беролмаслигини айтишади.