Қозоғистон нефтчилари норозилигини ёритаётган журналистларга ҳужум қилинган

Image caption Нефтчилар бир неча ойдан буён норозилик амалиёти ўтказмоқдалар

Қозоғистон ғарбида нефтчиларнинг намойишини ёритиб келаётган журналистларга ҳужум қилинган.

"СтанТВ" видео портали журналисти ва тасвирчиси Ақтау шаҳрида номаълум кимсалар томонидан дўппосланиб, пневматик тўппонча орқали жароҳат етказилган.

Ҳужумга учраган ходимлари билан телефон орқали боғланишга муваффақ бўлган "Стан Продакшн" ширкати директори Бауржан Мусировнинг Би-би-сига айтишича, воқеа кундуз куни ва одамларнинг кўз ўнгида содир этилган ва ҳужум қилувчилар қимматбаҳо машинада келишган.

"Тўрт ҳужум қилувчи йигитларни ура бошлаган. Тўқмоқ билан уришган. Тасвирчимиз Асан Амиловнинг елка суяги синган ва мияси чайқалган деган шубҳа бор. Бошига қаттиқ уришган. Яна травматик қуролдан отишган. Мухбиримиз Ўркен Бисеновнинг орқасидан отишган. Тасвирчимиз эса оёғидан ўқ еган", - дейди Бауржан Мусиров.

Тасвирчининг ҳали ҳам шифокор назоратида эканлиги маълум, соғлиғининг ҳолати борасида ҳали бирорта маълумот йўқ.

Ушбу журналистлар Қозоғистон ғарбида беш ойдан бери давом этаётган нефтчиларнинг норозилик намойишларини муттасил ёритиш билан шуғулланган.

Манғистау вилоятидаги "Ўзенмунайгаз" ва "Қаражанбасмунай" компанияларининг ишчилари маошларини кўтаришни талаб қилиб ўз мақсадларида собит турибди.

Аммо уларни энди ушбу компанияларнинг собиқ ишчилари деб аташ мумкин. Чунки ширкатлар маҳкама орқали уларни ўз иш ўрнида узоқ вақт бўлмаганликда айблаб ишдан бўшатишга ва ўрнига бошқа одам олишга улгурган.

Роза Тлеутаева ушбу намойишни илк бошлаганлардан. Маошларини кўтаришни талаб қилиб 40 кундан ортиқ очлик тутишган. Соғлиги ёмонлашгач, шифохонага ётқизилган. Қолган ҳамроҳлари ҳам куч билан шифохонага ётқизилган. Очлик орқали бирор натижа чиқмагач, улар ушбу амалиётларини тўхтатишган.

"Иш берувчилар ҳеч қачон биз билан муҳокамага ўтиришгани, бизни чақиришмади ҳам. Биз бир неча маротаба бир стол атрофида ўтириб, ўзингизнинг ҳақлигингизни ва бизнинг ноҳақлигимизни исботлаб беринг, деб айтганмиз. Бизга ўзимизни ҳимоя қилишга йўл беришмаяпти. Барча маҳкама қарорлари бир томонлама. Ишчи синфи ҳар доим ноҳақ. Бир марта ҳам ишчилардан бирортаси ютиб чиққан ҳолат бўлмаган”, - дейди Роза Тлеутаева.

Намойишлар ортидан нефтчиларнинг юристи Наталья Соколова ва касаба уюшмаси фаоли Акжанат Аминовлар озодликдан маҳрум қилинди. Намойишга чиққан икки мингдан ортиқ нефтчилар эса ишдан бўшатилган.

Ушбу ишчиларнинг ўртача маоши 1000 ва 1500 АҚШ доллари атрофида бўлган. Ушбу маош Қозоғистоннинг бошқа ҳудадларида яхшигина пул саналса-да, нефтчилар ўзлари яшаб турган ҳудудда нарх-навонинг баландлиги ва 1000 долларга яшаб бўлмаслигини айтадилар.

"Бир кило гўшт 10-12 доллар, бир қоп ун 35-40 доллар, бензиннинг литри 1 доллар. Ўзимизда ҳеч нарса етиштирилмайди. Ҳаммаси бошқа ҳудудлардан олиб келинади”, - дейди Умбет Амирхан.

Ишчилар маошларни тўғридан-тўғри кўтаришни талаб қилмаяпти, балки дам олиш кунлари қўшимча ишлаган ҳақларинининг ширкат томонидан умумий маошга қўшиб юборилганидан норози бўлганлар.

Уларнинг сўзларига кўра, агар ишчиларнинг қўшимча ишлаган ҳақлари ишчилар талаб қилинаётгандек берилса ҳозир 1000 доллар олаётган ишчи 2000 доллар олишига тўғри келади.

"ҚазМунайгаз" нефт ширкати матбуот котиби Давлат Жумадил намойишларни ноқонуний дейди ва унинг ортидан давлат ҳамда компаниялар 600 миллион доллар фойда йўқотганини айтади.

"Нефтчиларга айрим одамлар томонидан нотўғри ахборот берилди. Улар иш берувчи маошларни кўтариш керак деган тушунчани сингдиришди. Аслида иш берувчи шартномада ва мамлакат қонунчилигида кўрсатилган барча шартларни бажарди. Нефтчилар вазиятни беқарорлаштирмоқдалар", дейди Давлат Жумадил.

"ҚазМунайгаз" вакилига кўра, ширкат сўнгги уч йил давомида ишчиларнинг маошларини олти марта кўтарган. Айни дамда ушбу ҳудуддаги маошлар мамлакатнинг бошқа ҳудудларига қараганда бир неча маротаба баланд.

Мустақил кузатувчилар Қозоғистон ғарбида бўлаётган иш ҳақи борасидаги норозиликлар мамлакатнинг исталган бошқа ҳудудларида бўй кўрсатиши мумкинлигини айтишади. Чунки меҳнат кодексидаги чалкаш бандлар ҳам ишчиларнинг ҳамда иш берувчининг ҳақлигини таъкидлайди.

“Муаммо ечилмайди, чунки икки томон ҳам ҳақ. Буни ҳуқуқий конфликт деса ҳам бўлади. Бир вақтнинг ўзида икки томон ҳам ҳақ ва ноҳақ. Қонунчиликка биз айтаётган ўзгартиришлар киритилмас экан, ушбу муаммо ечилмайди ва яна такрорланиши мумкин”, - дейди “Адилет” демократик партияси раҳбари Мақсут Нарикбаев.

5 ойдан бери давом этаётган норозиликларда вақти вақти билан 2 мингдан ортиқ одам иштирок этаётгани айтилади. Бу вақт давомида ҳукумат вакиллари муаммони ечиш учун намойишчилар билан ҳозирча учрашгани йўқ.

Ҳукуматнинг бундай муносабатидан норози бўлган икки мингга яқин нефтчилар намойишкорона қудратдаги “Нур отан” партиясидан чиқишини маълум қилганлар.