Қозоқ ҳукуматидан дин ҳақидаги қонунни бекор қилиш талаби янгради

Масжид

Интернетда ўзини "Жунд ал-Хилафа" деб номлаган гуруҳ томонидан Қозоғистон ҳукуматига таҳдид акс этган видео пайдо бўлган.

Ушбу гуруҳ Қозоғистон ҳукумати давлат идораларидаги намоз ўқишни тақиқловчи қонунни бекор қилишни талаб қилган.

Акс ҳолда мамлакатда қўпорувчилик амалиётлар олиб бориш билан таҳдид қилган.

Интернетда чоп этилган видеода турли оғир қуролларни кўтариб олган тўрт киши Қозоғистон ҳукуматига мурожаат қилаётган шахснинг ортида турибди.

Юзлари тўсилган ҳолда таҳдид акс этган ушбу видеонинг қанчалик ҳақиқатга яқинлигини тасдиқловчи бирорта мустақил манба йўқ.

Юзини ўраб олган шахс, ўтирган ҳолда, ўз талабларини қоғоздан ўқиб бермоқда.

Таҳдид қилувчи шахс Қозоғистондаги ислом динига бўлаётган таъқиблар яқинда инқилобни бошидан кечирган араб давлатлари қисмати билан ўхшашлигини айтган ва, ҳукумат қонунни бекор қилмаса, унинг оқибатлари катта йўқотишлар билан тугаши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Қозоғистон Мусулмонлар диний идораси раҳбари Абдусаттар Дербисали бундай хабарлар одатда оддий ёлғон ва шов шув бўлиб чиқишини айтади.

"Қаергадир бомба қўйилибди, қанча одамни ташқарига олиб чиқибди деган хабарларнинг ҳаммаси ёлғон. Қандайдир безориларнинг иши", дейи Абдусаттар Дербисали.

Давлат муассасаларида ибодат қилишни тақиқловчи қонун парламент томонидан тасдиқлангач, Мусулмонлар Диний идораси раҳбари ушбу тақиқ мамлакатда экстремизмга йўл очиши мумкинлиги ва уни қайта кўриб чиқишни сўраганди.

Ҳукумат қошидаги Диний ишлар бўйича агентлик масъуллари ушбу таҳдидни нақадар ишончли эканлигини текшириш кераклигини таъкидлади.

Қозоғистон Мусулмонлар иттифоқи раҳбари Мурат Телибеков ҳам бундай хабарларнинг жиддийлигиги ишонмаслигини айтади.

Унга кўра, Қозоғистонда бундай таҳдид қила олишга қодир жангари гуруҳ ҳозирча йўқ.

У бундай хабарлар сиёсий ўйиннинг бир кўриниши бўлиши мумкинлигини айтади.

"Бу таҳдид Оқ ўрдада давом этаётган ички урушнинг изи бўлиши мумкин. Шу каби афсоналар ва таҳдидларни яратиш орқали ўзаро курашаётган томонлар президентнинг кўпроқ эътиборини тортишни ва анти террор амалиётлари учун кўпроқ маблағ ажратишни кўзлаган бўлиши мумкин", дейди Мурат Телибеков.

Давлат идораларида намоз ўқишни тақиқловчи қонун қабул қилинишидан олдин Қозоғистонда илк бор худкушлик амалиёти ва ҳуқуқ тартибот органларига ҳужумлар бўлганди.

Қозоғистон ғарбида қуролли тўқнашувлар иштирокчилари қўлга олинган ва уларга маҳкама узоқ йиллик қамоқ жазоси белгилаган.

Мусулмонлар Диний идораси қозоғистон ғарбида экстремизмнинг мавжудлигини тан олади ва бу нарса билан курашиши учун тушунтириш ва таълимий ишларни олиб бораётганини таъкидлайди.

Azizlar,

Bi-bi-si O'zbek xizmatining Facebookdagi rasmiy sahifasi bilan tanishing.

https://www.facebook.com/#!/pages/BBC-Ozbek-BBC-Uzbek/294548310573810?sk=wall

Bi-bi-sining yangiliklari, tahlilu sharhlari, eng sara audio va video lavhalari hamda suratlari bilan har kuni tanishish uchun Facebookdagi 'LIKE' tugmachasini bossangiz kifoya.