Туркманистон маҳкамаси “Озодлик”нинг қамоқдаги мухбирини озод этди

Довлетмурат Ёзгулиев
Image caption Довлетмурат Ёзгулиев ўтган ой беш йилга озодликдан маҳрум этилганди

Туркманистонда 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган журналист орадан бир ой ўтмасдан, авф этилди.

АҚШ томонидан молияланувчи “Озодлик” радиостанциясининг Туркман Хизмати мухбири бўлган 43 ёшли журналист шу ой бошида қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

Хабарларда унинг ўз оила аъзосини жонига қасд қилишга руҳлантиришда айбдор, деб топилгани айтилганди.

Ўшанда буён халқаро ҳамжамият журналистни қўйиб юбориши учун Туркманистонга ўз босимларини кучайтириб келаётганди.

Довлетмурат Ёзгулиев шу йил июл ойида Туркманистоннинг Ободон шаҳридаги қурол-яроғ омборида юз берган кучли портлаш ҳақида биринчилардан бўлиб хабар берган журналист эди.

Ҳукумат эса, Ободонда аслида нималар юз берганини имкон қадар четга чиқармасликка уринганди.

Журналистнинг тарафдорлари ўч олиш учун унинг 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганини урғулашганди.

“Озодлик” радиостанцияси раҳбари Стив Корн ўз ходимининг кеча чоршанба куни озод этилишини хуш қаршилаган.

Бироқ жаноб Корн, “Унинг иши Туркманистондаги матбуот эркинлиги билан боғлиқ жиддий хавотирларни юзага чиқарган”ини айтган.

Довлетмурат Ёзгулиев 27 сентябр куни ўзи истиқомат қиладиган Ахал вилоятида ҳибсга олинганди.

Хабарларда унинг маҳкама жараёнисиз қамоқ жазосига ҳукм этилгани айтилганди.

Довлетмурат Ёзгулиев "Озод Оврўпо"/"Озодлик" радиоси мухбири сифатида 2007 йилдан буён фаолият юритган.

Azizlar,

Bi-bi-si O'zbek xizmatining Facebookdagi rasmiy sahifasi bilan tanishing.

https://www.facebook.com/#!/pages/BBC-Ozbek-BBC-Uzbek/294548310573810?sk=wall

Bi-bi-sining yangiliklari, tahlilu sharhlari, eng sara audio va video lavhalari hamda suratlari bilan har kuni tanishish uchun Facebookdagi 'LIKE' tugmachasini bossangiz kifoya.