Қирғизистондаги ўзбек жамоалари раҳбарларига сиртдан ҳукм ўқилди

Қодиржон Ботиров
Image caption Қодиржон Ботиров миллий низо учун муваққат ҳукуматни айблаган эди

Қирғизистон жанубидаги Жалолобод вилоят маҳкамаси ўтган йил қонли мамлакат жанубида юз берган этник низоларга алоқадорликда айбланган ўзбек лидерларига нисбатан ҳукм эълон қилган.

Қирғизистон Олий Маҳкамасининг матбуот котиби Бақтибек Рисалиевнинг Би-би-сига маълум қилишича, маҳкама Ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Қодиржон Ботиров ва Қирғизистон парламентининг собиқ аъзоси Иномжон Абдурасуловни ўтган йили юз берган миллий низоларни уюштиришда айбдор деб топиб, сиртдан бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этган.

Маҳкама шунингдек уларга тегишли мол-мулкни мусодара этиш қарорини чиқарган.

Маҳкама қарори билан Абдураҳмон Абдуллаев ва ЎшТВ телеширкатининг собиқ директори Ҳалилжон Худойбердиевнинг мол-мулки мусодара этилган. Уларнинг ҳар бири 20 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Маҳамадрасул Абоқжоновга эса олти йиллик қамоқ жазоси тайинланган.

Икки ҳафта муқаддам тарафлар музокараси пайтида сиртдан маҳкамага тортилган ўзбек лидерларининг авдокатлари ҳимоялари остидаги шахсларнинг жиноят ишлари қайта терговга жўнатилишини талаб қилишган эди.

Жалолобод маҳкамаси, шунингдек, қирғизлар билан ўзбеклар ўртасидаги миллий низони Қирғизистондаги ўзбек диаспораси раҳбарлари уюштирганлар.

Ҳукмда зўравонликлар ортида Жалолобод Ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Қодиржон Ботиров тургани айтилган.

Ҳали тергов жараёни давом этаркан Қодиржон Ботиров Би-би-си билан суҳбатда Қирғизистон жанубида этник можаро келиб чиқишида муваққат ҳукумат раҳбарларини айблаган эди.

Жаноб Ботировнинг айтишича, Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурманбек Бакиев ўзи туғилиб ўсган Жалолобод шаҳри яқинидаги Тейит қишлоғида жойлашиб, муваққат ҳукуматга қарши амалиётларга киришганда, расмийлар Бакиевга қарши ўзбекларнинг дастакловини таъминлашни Қирғизистон ўзбеклари раҳбарларидан илтимос қилишган.

"Роза Ўтинбоева ва муваққат ҳукуматнинг бошқа аъзолари мендан қайта-қайта ўзбекларнинг Қурманбек Бакиевни дастаклашига йўл қўймасликни сўрашди", деб айтган эди Қодиржон Ботиров.

Қодиржон Ботиров ва бошқа ўзбек раҳбарлари Қирғизистондан чиқиб кетганлар ва ҳозирга қадар уларнинг қаерда бошпана топгани маълум эмас.

Ўтган йил июн ойида Ўш ва Жалолобод вилоятларида "Қирғизистон қирғини" номи билан танилган қонли ҳодисалар рўй берди.

Қирғиз расмийлари қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида юз берган можарода бир неча юз одам ҳалок бўлганини айтадилар.

Қотилликлар, ўзбек маҳаллаларидаги хонадонларга ўт қўйиш, вайрон этиш ва талон-тарожлар 100 мингдан зиёд ўзбек миллатига мансуб инсонларни Ўзбекистондан вақтинча бошпана излашга мажбур этган.

Финландиялик таниқли сиёсатчи Киммо Киллюнен етакчилигида қонли этник низо сабабларини ўрганиш бўйича халқаро мустақил тергов ҳайъати тузилган, ҳайъат шу йил май ойида ўзининг текширишлари асосидаги ҳисоботини эълон қилган.

Халқаро комиссия ўз ҳисоботида Қирғизистон раҳбариятига қатор тавсияларни берган.

Хусусан, Қирғизистонда ўта миллатчилик ва миллат ажратиш ҳолларига қарши кескин курашиш лозимлиги айтилган.

Қирғизистонда ўзаро баҳамжиҳатлик, турфамаданиятлилик ва кўпмиллатлиликка асосланган жамиятни барпо этиш муҳимлиги урғуланган.

Шунингдек, ҳайъат раҳбари Киммо Киллюнен ўзбек тилининг, ҳеч бўлмаганда, Қирғизистон жанубида минтақавий нуфузга эга бўлишини таъминлаш лозимлиги, маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот тизимларида ҳар икки миллат вакиллари орасида мувозанат бўлишига ҳаракат қилиниши зарурлигини таъкидлаган.

Халқаро мустақил тергов ҳайъати тавсиясида 2010 йилги июн воқеалари ортидан юз бераётган ўзбошимча ҳибсга олиш ва қийноқ ҳолларига барҳам берилиши кераклиги айтилган.