'Ўринбой Усмон озодлик эвазига "Ҳизбут Таҳрир"га аъзо эканлигини тан олмаган инсон'

Image caption Ўринбой Усмон нафақат ўз номини оқлаш учун, балки Тожикистон журнализми учун курашаётган инсон.

Би-би-сининг Тожикистондаги мухбири ўзининг айбсиз эканлиги юзасидан куршни давом эттирар экан, бугун 60 ёшни қаршилаган Ўринбой Усмон фаолияти ҳақида "Амнести Интернешенел " вебсаҳифасида мақола чоп этилди.

Дўсти ва ҳамкасби томонидан ёзилган ушбу мақолада айтилишича, Ўринбой Усмон ҳукумат томонидан таклиф қилинган озодлик эвазига ўзининг "Ҳизбут Таҳрир"га аъзо эканлигини тан олишдан воз кечди.

Ўринбой Усмон шу йил июн ойида "Ҳизбут Таҳрир" ноқонуний гуруҳига алоқадорликда гумон қилиниб, ҳибсга олинганди. У бу айбловларни мутлақо рад этди.

Бу ҳолат Марказий Осиё ва хусусан, Тожикистондаги сўз эркинлиги вазиятига халқаро ҳамжамият эътиборини қаратди.

"2 ноябр куни Ўринбой Усмон 60 ёшга тўлмоқда. Тожикистонда бу ёшга кирган кирган инсон фарзандлари ва набиралари иззатида қарилик гаштини суришни бошлайдилар. Ўринбой Усмон эса ҳаётидаги энг катта курашни бошлади", дейилади мақолади.

"Босиқ ва камтар бу инсон ҳукуматнинг озодлик эвазига жинотяга қўл урганлигини тан олиш таклифни рад этмоқда", дейилади мақолада.

"Мен айбсизман. Амнистияни қабул қила олмайман. Олий Маҳакамага менинг номимни оқлашлари учун ариза топширдим", деган Ўринбой Усмон.

Унинг ҳамкасбига кўра, Тожикистонда бу ўта жасурона қадамдир, балки мислсиз ҳамдир.

Бу каби айбловлар билан маҳкама тортилганларнинг аксари, "амнистия" ҳукмини тинчгина қабул қилиб қўядилар. Амнистия эса кўпда ҳукумат учун шармандали, дея кўрилган ишларда "нозик вазиядан чиқиш" йўлларидан биридир.

"Бир қарашда босиқ ва камтар кўринган бу инсон не қадар жасур эканлигини ҳам кўришимиз мумкин. Июн ойида ҳибсга олинган вақти уни калтаклашган, сигарет билан куйдиришган ва руҳий қийноққа тутилган. Ўша кунлардан кўп ўтмай у билан кўришган дўсти унинг руҳан заиф ва саросимага тушган аҳволда эканлигини айтганди. Ўринбой Усмон ҳибсга олинишидан аввал ҳам қандли диабет ва юрак касаллигига чалинганди. Ҳибсга олинган вақти ҳам шифохонага йўл олганди. Лекин буларнинг ҳаммасига қарамай уни курашдан тўхтатмаётган омил нима?", дея савол ташланган мақолади.

Ҳамкасбига кўра, Ўринбой Усмоннинг инсонийлиги унинг зиёлийлиги билан бир даражададир. У тажрибали журналист, ёзувчи ва инсон қалби тадқиқотчисидир.

Ана шу инсонийлик ва зиёлийлик манзарасида эндиликда унинг не қадар қатъиятли инсон эканлигига гувоҳ бўлмоқдамиз.

"Ўринбой Усмон Олий Маҳкамада ўз номини поклашга ҳаракат қилаётган экан, бу қадамни нафақат ўзи учун, балки бутун Тожик журнализми учун қилаётганлигини айтади. Бу эса қуруқ сўзлар эмас. Бу сўзлар Тожикистондаги журнализм курашиш учун арзирли нарса эканлигига қатъий ишончининг изҳоротидир", деган хулосага келган Ўринбой Усмон ҳамкасби.

"Ўринбой Усмон замонавий ҳаёт талаб қилаётган биронта хусусиятни намоён қилмаётгандек. У инсон ҳуқуқлари фаоли эмас. Ёши ҳам бир ерга бориб қолган. Инглиз тилида гапирмайди. Блог ёзмайди. Твиттер ёки бошқа ижтимоий тармоқ матбуотларида кўриниш бермайди. Оммавий намойишларни ташкиллаштириб, ҳукуматга қарши курашга ҳам қизиқмайди. Ўринбой ака ҳамма стереотиплар, яъни қолипларга тушмайдиган инсон".