Президент Медведев маҳкум учувчилар ишини кўриб чиқишга топшириқ берди

Дмитрий Медведев Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Дмитрий Медведев Тожикистонда ҳукм этилган учувчи ишини ўрганиб чиқиш топшириғини берганини айтади

Президент Дмитрий Медведев Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа бошқармаларга Тожикистонда саккиз ярим йилга озодликдан маҳрум этилган Россия ширкати учувчиларининг ишини кўриб чиқишга топшириқ берганини маълум қилди.

Сешанба куни жанубий Тожикистондаги Қўрғонтеппа шаҳар маҳкамаси Россия фуқароси Владимир Садовничий ва Эстония фуқароси Алексей Руденкони чегардан ноқонуний тарзда ўтиш, контрабанда ва халқаро ҳаво йўллари қоидаларни бузиш айбловлари билан 8 ярим йил қамоқ жазосига ҳукм этган эди.

Учувчилар бошқариб келган АН-72 учоқлари Тожикистон давлати фойдасига мусодира қилинган.

Бу икки учувчи жорий йилининг март ойида икки "АН-72" учоғида Қўрғонтеппа шаҳар аэропортига фавқуллода равишда қўнишга мажбур бўлган вақтлари Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олингандилар.

"Ушбу иш юзасидан чиқарилган ечим кўплаб саволларни туғдирмоқда. Бизнинг фуқаромиз ва эстониялик учувчига қўйилган айблов ҳам таркибий нуқтаи назаридан ва ҳам ушбу жараённинг қандай ўтгани нуқтаи назаридан," деди Дмитрий Медведев.

"Биз ҳозирда биз билан иттифоқчилик алоқаларига эга бўлган давлатдан расмий жавобни оламиз, ана ундан кейин қарор қабул қиамиз. Бу қарорлар эса бериладиган жавобга қараб туриб турлича бўлиши мумкин - симметрик ёда ассиметрик", - дея изоҳ берди Россия президенти.

Аввалроқ Россия Федератсияси Кенгашининг спикери Валентина Матвиенко контрабанда учун ҳукм этилган россиялик учувчи иши атрофидаги масалани Тожикистон парламенти раиси билан муҳокама этиш ниятида эканини билдирган эди.

Матвиенко сўзларига кўра, у Тожикистон парламентидан учувчи Владимир Садовничийга нисбатан чиқарилган маҳкама ҳукмининг қонунийлигини баҳолаб чиқишни сўрайди.