Қозоқ депутатлари парламентни тарқатиб юборишни сўрашмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Қозоғистонда бир гуруҳ депутатлар парламентни тарқатиб юборишни сўраб Президент Назарбоевга мурожаат қилган.

Депутатлар ўз қарорларини келгуси йил жаҳонда рўй бериши кутилаётган иқтисодий инқироз Қозоғистонни ҳам четлаб ўтмаслиги билан изоҳлаган.

Қонун бўйича кейинги парламент натижаларидан қатъий назар кўп партиявий бўлиши кўрсатилган. Депутатлар ушбу жараённи тезлаштириш учун ҳам жорий парламентни тарқатиб юборишни сўрашган.

Қозоғистонлик сиёсатшунослар депутатларнинг ушбу мурожаатида мантиқ кўришмаётганини айтишади. Мухолиф партиялар эса, навбатда ташқари сайловларга тайёр эканлигини айтмоқда.

Қуйи парламентнинг 53 депутати имзо чеккан мурожааатда элбоши Назарбоевдан тез орада парламентни тарқатиб, навбатдан олдин сайловлар кунини белгилаш сўралган.

Депутатлар келгуси йили қайталаниши кутилаётган иқтисодий инқирознинг Қозоғистонга ҳам тегиб ўтиши мумкинлигини ва бу вақтда давлат органлари сайловлар билан банд бўлмасдан инқирозни бартараф этиш билан шуғулланиши муҳимроқ деган қарорга келган.

Бундан ташқари депутатлар парламентни тарқатиб юборишга асосий сабаблардан қилиб бу йил мустақилликнинг 20 йиллиги нишонлаётган Қозоғистон янги 10 йилликка янгиланган парламент ва ҳукумат билан кириб бориш маъно касб этишини келтирган.

Ва ниҳоят, амалдаги қонун бўйича келгуси парламент кўп партиявий бўлиши шарт қилиб белгиланган. Депутатлар ушбу демократик механизмнинг ишга тушишини ортиқ чўзмаслик керак деган қарорга келган ва парламентни тарқатиб юборишни сўраган.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Расул Жумали депутатлар келтириб ўтган сабаблар тушунарсиз эканлигини айтади. Унга кўра, қўққисдан парламентнинг бир партияли эканлигини эслаб қолиш ва шунинг учун, уни тарқатиш таклифи мантиққа тўғри келмайди.

Иқтисодий инқироз ҳам биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Буларнинг ҳаммаси парламентнинг тарқатилиши жиддий сабаблар эмас.

"Аммо, мен 193 давлатнинг орасида юқоридаги сабаблар парламентни алмаштиришга сабаб бўлганини кузатмаганман. Мен дунё тарихида парламент ўз хоҳиши билан ўзларини тарқатишни сўраб мурожаат қилганини эслай олмайман. Қозоғистонда эса, бу иккинчи марта содир бўлаяпти. Депутатлар томонидан келтирилган далиллар менга тушунарсиз", - дейди Расул Жумали.

Мухолифатдаги партиялар аллақачон сайловларга тайёр эканликларини билдиришди. "Азат" социал демократик партияси лидерларидан Бўлат Абилов партия навбатидан олдин ўтказиладиган сайловлар уларга кутилмаган хабар бўлмаганини айтади.

"Чунки, бизнинг давлатимизда сайловлар ҳеч қачон ўз вақтида ўтмаган. Биз тайёрмиз ва албатта сайловларда иштирок этамиз. Биз парламентда биринчи ўринни қўлга киритишни кўзлаяпмиз. Аммо сайловлар тоза ўтмаганлиги боис иккинчи ўринни мўлжаллаб турибмиз", - дейди Бўлат Абилов.

Мутахассислар депутатларнинг парламент сайловларини йил бошида ўтказишни сўрашида бошқа сабаблар бўлиши мумкинлигини айтади.

Сиёсатшунос Расул Жумалига кўра, 2011 йил Қозоғистон тарихида оғир йиллардан бири бўлди. Ишсизлар сони ортиб, нархлар кўтарилди, мамлакатда суиқасдлар сони кўпайди. Ва ниҳоят, бу йил террористик ҳаракатлар содир этилгани билан ажралиб турди. Сиёсатшунос парламент сайловлари одамларни ушбу муаммолардан вақтинча чалғитиши мумкин деган хулосага келинганини айтади.

"Лекин, менимча, бу мавжуд муаммоларни ечишда энг яхши йўл эмас. Муаммони бартараф этишда комплексли ёндашиб, тизимли равишда шуғулланиш керак эди. Парлментни тарқатиш орқали ушбу муаммолардан қутилиб бўлмайди", - дейди Расул Жумали.

Қозоғистон парламенти 2008 йилда сайланган, кейинги сайловлар 2012 йилнинг июль ойида бўлиши режаланган эди. Агар Назарбоев депутатларнинг мурожаатини асосли деб топса, навбатдан ташқари сайловлар келгуси йилнинг январ ойида ўтказилиши тахмин қилинмоқда.