Қирғизистон: Ўш ҳокими ўз милициясига эга бўлмоқчи

Image caption Мирзақматов ўзининг миллатчи қарашлари билан танилган

Ўш шаҳрининг зиддиятли ҳокими шахсан ўзига бўйсунувчи милиция кучларини яратиш ниятида эканини маълум қилган.

Миллатчи қарашлари билан танилган Мелис Мирзақматовнинг режаси бўйича бу кучлар Қирғизистон ички ишлар вазирлигидан мутлақо мустақил бўлади.

Бу ҳақда унинг ўзи пайшанба куни Ўшда, матбуот кунига бағишланган йиғин чоғида гапирган.

Қирғизистон жанубида катта қудратга эга экани айтиладиган Мирзақматовнинг сўзларига кўра, шахсан унинг ўзига бўйсунадиган милиция таркибида махсус кучлар ҳам бўлади.

Ўш ҳокими бундан аввал шаҳар бюджетини марказдан ажратиб олган ва шаҳарнинг янги байроқ ва гербларини қабул қилган эди.

Ҳоким Ўш шаҳри "маҳаллий ўз-ўзини бошқаришнинг намунаси" эканини айтган.

Журналистлар билан учрашувда Мирзақматов ҳуқуқ-тартибот идораларининг амалдаги бошқарув тизимини танқид қилган.

"Шаҳар милицияси, прокуратура ва Миллий Хавфсизлик хизмати ҳокимга бўйсунмайди ва кўпинча унга қарши ишлайди", - дея шикоят этган Ўш ҳокими.

Ўзининг айтишича, у Ўш шаҳар милиция кучларини ташкил этиш ғоясини Бош вазир ўринбосари Шамил таханов билан муҳокама этган.

"Аммо Бишкекда ҳеч ким менга қулоқ солмаяпти", - деган Мирзақматов.

Унинг айтишича, мустақил милиция кучлари Ўшда "қонун устиворлигини таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади".

Салбий оқибатлар

Қирғизистондаги айрим таҳлилчиларга кўра, президент сайловларида Атамбаевнинг ғалаба қилишига ҳисса қўшган Мирзақматов сайловлардан сўнг ўзига янада кўпроқ ишонаётган бўлиши мумкин.

Аммо таҳлилчилар унинг ўз милиция кучларига эга бўлиш ҳаракатлари салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришмоқда.

Жумладан, АКИ-Пресс агентлиги чоп этган мақолада ёзилишича, бу Мирзақматовнинг шахсий репрессив аппаратига эга бўлишини англатади.

Ўтган йил июнида юз берган этник зўравонликлар маркази бўлган Ўшда юзлаб, асосан ўзбеклар ўлдирилган ва уларнинг уйларига ўт қўйилган.

Гувоҳлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва айрим қирғиз сиёсатчилари зўравонликларда собиқ президент Бакиевнинг тарафдори бўлган Мелис Мирзақматовнинг қўли борлигига ишора қилишган.

Унинг ўзи зўравонликларга алоқаси борлиги, уларнинг ўзбекларга қарашли мол-мулк ва бизнесларни тортиб олиш мақсадида уюштирилгани ҳақидаги даъволарни рад этиб келади.