Туркманистонда пахтакорлар норозилик билдиришган

Гурбангули Бердимуҳаммедов
Image caption Гурбангули Бердимуҳаммедов 'Ниёзов замонида асос солинган йўлдан чиқиб кета олмади'

Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркман ташаббус гуруҳи тарқатган хабарга кўра, уч кун муқаддам Туркманистон шимолида мисли кузатилмаган ҳодиса - пахтакорларнинг оммавий эътирози юз берган.

Тошҳовуз вилояти уй-жой коммунал хўжалиги уюшмаси ишчилари бир вақтнинг ўзида тартибли тарзда пахта далаларини тарк этганлар.

Туркман ташаббус гуруҳига кўра, оммавий эътироз сабаблари маълум эмас, бироқ комуннал хизмат кўрсатиш ходимларининг бу амали вилоят раҳбариятини саросимага солиб қўйган.

Натижада, рухсатсиз пахта теримини тарк этган ходимларнинг баъзилари ишдан бўшатилган.

Ташқи дунёга деярли ёпиқ Туркманистонда давлат олиб бораётган сиёсатга қарши ҳар қандай эътироз қаттиқ жазоланади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркман ташаббус гуруҳидан Фарид Тухбатулин:

Фарид Тухбатулин: Бизда ҳозирча пахта далаларини тарк этганлар тақдири борасида ҳеч қандай маълумот йўқ. Лекин, хавфсизлик хизматлари пахта далаларини оммавий равишда ташлаш билан, таъбири жоиз, "унсиз норозилик" билдирганлар орасидан ташкилотчиларни топишга ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин.

Би-би-си: Туркманистонда оммавий норозиликлар қанчалар кўп кузатилади?

Фарид Тухбатулин: Бундай ҳодисалар, ҳақиқатдан ҳам, жуда кам юз бериб туради. Лекин, яқинда Ашхабодда талабаларнинг эътироз билдирганидан хабаримиз бор. Туркманистонда ҳар йили 27 октябрда бўлиб ўтадиган мустақиллик байрамига тайёргарлик байрамдан бир неча ой олдин бошланади. Бу йил ҳам ўтган йиллари сингари байрам ташкилотчилари талабалар ва давлат корхоналари ходимларини тайёргарликлар асносида бир хил қадам ташлаш, саф туриш, жўр бўлиб куйлашга мажбурлаганлар. Байрамга бир неча кун қолганида Ашхабод стадионларидан бирида талабалар: "эрталабдан кечгача қуёш тагида турамиз, бир жойга жилишга ҳам қўйишмайди, турли машқларни бажаришга мажбурлашади, қорнимиз ҳам оч қолди, уйга кетамиз," деб қичқира бошлашган. Талабалар норозилиги оммавий тус ола бошлагач, тартибсизликлар чиқиб кетишидан қўрққан раҳбарлар, уларни уйларига қўйиб юборишган. Ё бўлмаса, шу йил ёзида 50 ка яқин одам Ашхабод марказига чиқиб, уларга тегишли уй-жойларнинг ҳукумат қарори билан бузиб ташланаётганига қарши норозилик билдирган. Ҳукумат улар яшайдиган шахсий уйларни бузиб, ўрнига машина йўли қуришни режалаштирган эди. Хуллас, Турманистонда ҳам норозилик чиқишлари бўлиб туради, лекин улар жуда ҳам тарқоқ ва уюшмаган ҳолда бўлади.

Би-би-си: Гурбангули Бердимуҳаммедов беш йил муқаддам ҳокимият теппасига келар экан, мамлакатда ислоҳотлар ўтказишига ишора қилганди. Марҳум Сапармурод Ниёзов пайтида давлат бир шахс томонидан бошқариларди. Ҳозирда вазият қандай?

Фарид Тухбатулин: Янги президент демократик ислоҳотлар ўтказиш зарурати ҳақида албатта бир неча бор баёнот берган. Ўтган беш йилча вақт давомида у Тукрманистонда кўп партияли тизим ўрнатилиши кераклиги ҳақида тўрт-беш марта гапирди. Лекин, бу вақт ичида сиёсий партиялар ҳақида битта қонун ҳам қабул қилингани йўқ. Афтидан унинг ислоҳотлар ҳақидаги гаплари, хорижий дипломатлар ва хорижий матбуотни тинчлантириш учун айтилганга ўхшайди. Лекин, реал ўзгаришлар ҳақида гапирадиган бўлсак, интернет пайдо бўлганини қайд этиш зарур бўлади. Тўғри, интернет хизмати жуда сифатсиз ва қиммат, суръати жуда секин, кўплаб веб саҳифаларга тўсиқ қўйилган, лекин Туркманбоши пайтида шу ҳам йўқ эди. Туркманистонда бундан бошқа ҳеч нарса ўзгаргани йўқ десак ҳам бўлади.

Би-би-си: Сапармурод Ниёзов ўзининг яккаҳокимлиги ва қаттиққўллиги билан дунёга ном чиқарганди. Гурбангули Бердимуҳаммедов собиқ президентдан нимаси билан фарқ қилади?

Фарид Тухбатулин: Туркманбоши 2002 йил охири 2003 йил бошида ўтказган оммавий қатағонлари билан эсда қолди. Бунга унинг жонига суиқасд уриниши сабаб бўлганди. Ҳозирда бундай репрессияларга эҳтиёж йўқ. Аммо ўз фикрини билдирган ё бўлмаса ҳукумат ишончсиз дея кўрган шахсларни систематик тарзда қамоққа олишлар давом этаётир. Ўз эътиқоди учун ҳозиргача анча одам зарар кўрди. Ҳозирги президент, ҳақиқатдан ҳам, ислоҳотчи бўлиш имконига эга эди. Мен ғарбона демократияни гапираётганим йўқ, лекин унда собиқ президент даврида шаклланган тузумни юмшатиш имкони бор эди. Бироқ, Гурбангули Бердимуҳаммедов Ниёзов замонида асос солинган йўлдан чиқиб кета олмади.