Қирғизистон президентлик сайлови якуний натижалари эълон қилинди

Собиқ бош вазири ва Социал-демократик партияси раҳбари Алмазбек Атамбоев 62.52 фоиз овоз тўплади Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Сайловда собиқ бош вазири ва Социал-демократик партияси раҳбари Алмазбек Атамбоев ғалаба қозонди

Қирғизистон Марказий Сайлов Комиссияси 30 октябр куни бўлиб ўтган президентлик сайловлари расмий якуний натижаларини эълон қилган.

Якуний натижаларга кўра, аввал бошидан кутилганидек, Алмазбек Атамбоев ғалаба қозонган.

Cобиқ бош вазири ва Социал-демократик партияси раҳбари Атамбоев жаноблари 62.52 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлган.

Атамбоевнинг энг ашаддий рақиблари Бутун Қирғизистон партияси лидери Адахан Мадумаров ва Ата-Журт партияси раҳбари Қамчибек Ташиевлар 14.78 ва 14.32 фоиздан овоз олишган.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурманбек Бакиев 2010 йил апрелида қудратдан ағдарилганидан кейин ўтказилган илк сайловда 16 номзод илгари сурилган.

Бу номзодлардан уч нафари - Алмазбек Атамбоев, Адахан Мадумаров ва Қамчибек Ташиевлар сайловларда кўп овоз тўплаши айтилганди.

Сайловда иштирок этган икки асосий номзод жараёнда қонун бузилишлари кузатилганини даъво қилишганди.

Сайлов расмийларига кўра, овоз бериш ҳуқуқига эга уч миллион фуқаронинг 50 фоиздан ортиғи ушбу сиёсий жараёнда иштирок этган.

Сайловолди тадбирларига юқори баҳо берган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Қирғизистон Марказий Сайлов комиссиясининг фаолиятини танқид қилганди.

Янги сайланган президент учун муддат 6 йил қилиб белгиланган.

Қонунга биноан янги президентнинг қасамёдга келтириш маросими натижалар эълон қилинганидан сўнг 30 кун ичида бўлиб ўтиши керак.