Ягона Божхона Иттифоқи Овросиё Иттифоқи тузиш томон яна бир қадам ташлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Россия, Белорус ва Қозоғистон президентлари Москвада Оврўосиё иқтисодий интеграциясига оид декларация имзолашган.

Мазкур ҳужжат 2015 йилгача Оврўосиё Иттифоқини ташкил этиш томон ташланган навбатдаги қадам сифатида кўрилмоқда.

Декларацияда Божхона Иттифоқига аъзо давлатлар энди навбатдаги босқич - Ягона иқтисодий ҳудуд таркибига киришларини кўзда тутади.

Яъни, ҳозирда Божхона Иттифоқига Россия, Белорус ва Қозоғистон аъзо. Айни шу мамлакатлар 2012 йил 1 январидан бошлаб Ягона иқтисодий ҳудуд таркибига киришади.

Октябр бошларида Россия Бош вазири Владимир Путин собиқ Совет республикаларини Оврўпо Иттифоқи аъзоларига ўхшаб бирлашишга чақирганди.

Президентликка номзодлиги эълон қилинишидан бир неча кун ўтиб эса, "Известия" газетасида нашр этилган мақоласида жаноб Путин "Оврўосиё Иттифоқи" номли янги тизимни тузиш режасини эълон қилганди.

Россия Президенти Дмитрий Медведев матбуот хизматига кўра, Ягона иқтисодий ҳудуд Жаҳон Савдо Ташкилоти меъёрлари ва тамойилларига асосланади ва тузилганидан сўнг ҳар қандай босқичда бошқа давлатлар қўшилишлари учун очиқ бўлади. Ҳужжат имзоланганидан сўнг гапирган Дмитрий Медведев: "Оврўосиё Иқтисодий Иттифоқини тузиш томон навбатдаги йирик қадамни ташладик. Ҳеч бир шубҳасиз ушбу бирлашма мамлакатларимиз келажагини белгилаб беради", деб айтган. Медведев жанобларининг сўзларига кўра, Оврўосиё Иттифоқига қўшилишга қарор қиладиган ҳар бир мамлакат "бу танловни онгли равишда қилиши лозимки, кейин ҳеч ким қандайдир иқтисодий асослар таъсирида мажбур бўлгани ҳақида гапирмасин". Россия Президенти яратилажак иттифоқ евроҳудуд муаммоларидан йироқ бўлишига ишонч билдирган. Чунки, унинг айтишича, аъзо давлатлар ишни қарийб бир хил даражадаги иқтисодий майдондан бошлайдилар.

'Эскини тиклаш эмас'

Қирғизистоннинг янги сайланган президенти Алмазбек Атамбоев "Известия" газетасига берган интервьюсида Шўролар Иттифоқининг тиклаш имконсиз эканинини айтган.

Аммо, у Қирғизистон келажакда Ягона иқтисодий ҳудудга кириши мумкинлигига ишора қилган.

Путин жаноблари ҳам ўтган ой ёзган мақоласида Совет Иттифоқига ўхшаш иттифоқни қайта тиклаш нияти йўқлигини "ўтмишда қолган нарсани қайтадан таъмирлаш ёки нусхасини кўчириш соддалик бўлиши, аммо янги сиёсий ва иқтисодий қадриятларга асосланган изчил интеграция бу - давр талаби" эканини айтганди.

Владимир Путиннинг таъкидлашича, Оврўосиё Иттифоқи йўлида россияликлар, қозоғистонликлар, белоруслар ва унга қўшилишга қарор қилганлар ҳаракатланиш, иш ва бизнес юритиш ҳамда таълим олишда буткул эркин бўлишади.

Шу билан бирга Путин жаноблари вақт ўтиши билан ўз режасини Қирғизистон ва Тожикистон ҳам қўллаб-қувватлишини айтганди.