Қозоғистон: Вафотидан кейин аъзосини кўчиришга рози бўлганларга дафн маросими текин

Қозоғистонда вафотидан сўнг аъзосини кўчиришга рози бўлганларнинг дафн маросими текин бўлиши мумкин.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири одамларни муҳтожларга аъзосини беришга кўндириш мақсадида, мана шундай "рағбатлантирувчи" амалларни кўриб чиқмоқда.

Мамлакатда минглаб одамларнинг бошқа соғлом аъзоларга муҳтож эканлиги айтилади. Аммо, турли сабабларга кўра ўз тана аъзосини бошқаларга кўчирилишини истовчилар саноқли топилади.

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги оммавий равишда аҳолидан ички аъзоларини ўлимдан кейин муҳтожларга бағишлашни сўради. Ўлимдан кейин аъзосини бошқа муҳтожларга кўчирилишни истовчиларинг камлиги тиббиёт ходимларининг мана шундай баёнот билан чиқишига сабаб бўлган.

Шу йил бошидан буён қозоғистонлик шифокорлар 11 марта аъзони кўчириш амалиётини ўтказган, мамлакатда зудлик билан бошқа аъзо қўйилиши керак бўлган беморларнинг сони уч мингдан ортиқ экани айтилади.

"Биз марҳумнинг қариндошлари билан унинг аъзосини кўчиришга рухсат берасизми деб сўрасак, улар шок ҳолатига тушиб қолишади. Ушбу амалиёт уларда коррупция ва аъзоларни олиш мақсадида мияни атайин ўлдириш каби тушунчалар билан боғлиқ бўлиб қолган",- дейди Қозоғистон бош транспланталоги Ғани Қуттимуратов.

2011 йилнинг дастлабки икки ойида аъзо кўчириш амалиётида Покистонда 4 қозоғистонлик вафот этган.

Миллий жарроҳлик марказининг директори Жеткерген Арзиқуловнинг айтишича, одамлардаги аъзосини бошқа бировга бериш қўрқуви вақтинчалик жараён ва эрта кечми ушбу амалиётнинг даҳшатли эмаслигини халқ тушуниб етиши керак.

- Агар бирор киши авто ҳалокатга учраса ва шифокорлар бошқа ёрдам бериб бўлмаслигини билиб мияни ўлди деган қарорга келса, у одам навбатда турган 5 ёки 7 одамнинг умрини сақлаб қолишга ёрдам бера олиши мумкин. Эртами кечми халқ бу нарсани тушуниб етади ва аъзоларни фойдаланишга рози бўлади, - дейди Жеткерген Арзиқулов.

Дин уламолари одам танасининг аъзоларини хоҳ тирик ва хоҳ ўлик ҳолатида бошқа бировга кўчирилиши мумкинлиги ҳақида бундан 26 йил муқаддам фатво берган. Аммо, шундай бўлса-да ушбу амалиётга қарши олимлар ҳам бор.

Қора бозорда бир дона буйракнинг баҳоси бир неча юз минг долларга чиқиб кетгани айтилади.

Қозоғистонда ўз аъзосини бошқа бировга бағишланганлар учун ҳозирча ҳеч қандай манфаат бўлмайди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бундай кўнгилли одамларни рағбатлантириш мақсади-да ўлимдан кейин текин кўмиш маросими ўтказиш таклифини кўриб чиқмоқда.