Қирғизистон: 'Таразда қўлланилган автомат қурол биздан бормаган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Тараздаги ҳодиса Қозоғистонда сўнгги йилларда кузатилган энг қонли ҳужум бўлган

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Қозоғистоннинг Тараз шаҳрида ўтган шанба куни амалга оширилган ҳужумда қўлланилган автомат қурол ўз мамлакатидан олиб борилгани борасидаги маълумотларни рад этган.

Ҳафта бошларида Қозоғистон хавфсизлик расмийлари гумондор террорчи қуролини Қирғизистон ҳудудидан олиб кирилган бўлиши мумкинлигини айтишганди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, "Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик агентликлари 2010 йилнинг апрел ва июн ҳодисалари пайти 5та гранатамёт йўқотишган, аммо текширувлар ортидан уларнинг 4таси топилган". Қайта топилмаган LAW-7B русумли гранатамет эса, Тараздаги ҳужум пайти ишлатилганидан фарқ қилади. Таразда LAW-26 русумли қурол ишлатилган.

Қозоғистоннинг Тараз шаҳрида 12 ноябр куни амалга оширилган портлаш ва отишмалар натижасида 7 киши ҳалок бўлган эди. Уларнинг 5 нафари полиция ходимларидир.

Бу Қозоғистонда сўнгги йилларда кузатилган энг қонли ҳужум бўлган.

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳужумни жиҳод тарафдори бўлган 34 ёшли Мақсат Қориев амалга оширганини айтишган.

Расмийларга кўра, 12 ноябр куни Қориев ўзини кузатиб юрган икки миллий хафвсизлик қўмитаси ходимига ҳужум қилиб, уларни ўлдирган.

Шундан сўнг, қурол-яроқ дўконига ҳужум қилиб, у ерда ҳам қоровул ва яна бир шахсни ҳалок қилган ва у ердан яна қуролланиб чиққан.

Тушгача Қориев яна икки полиция ходимини ўлдириб, иккитасини ярадор қилган.

Ҳуқуқ-тартибот ходимлари уни қўлга олишга уринган маҳал худкушлик содир этаркан, ўзи ва яна бир полиция ходими нобуд бўлган.

Қозоғистон жанубидаги Тараз шаҳри анча тинч бўлиб келган шаҳар, сўнгги ҳужум умуман Қозоғистон учун ҳам одатдан ташқари ҳодиса, деб кўрилган, бироқ у сўнгги ойларда мамлакатда кузатилаётган инсонлар ўлимига сабабчи бўлган қонли ҳодисаларнинг навбатдагиси бўлган.

Икки ҳафта олдин Қозоғистон ғарбидаги Атирау шаҳрида ҳам икки портлаш рўй берган, расмийлар бу портлашлардан бирида фақат худкуш ҳужумчининг ўзи ҳалок бўлгани ҳақида хабар бергандилар.

Қозоғистон расмийлари Атираудаги портлашларда шу пайтгача номи танилмаган "Жунд ул-Халифа" гуруҳини айблаган.

Аммо, Қозоғистондаги қатор агентлигикларнинг хабарларига кўра, "Жунд ул-Халифа" деб аталаётган гуруҳ 12 ноябр куни Қозоғистон жанубида юз берган ҳужумга алоқаси йўқлигини айтган.