Туркманистон газ заҳиралари борасида Россиянинг шубҳаларини рад этди

Image caption Президент Бердимуҳаммедов мамлакатнинг янги газ конлари мажмуини "Уйғониш" деб номлаш ҳақидаги буйруқни имзолаган

Туркманистон ўзининг табиий газ заҳиралари ҳажми борасида Россиянинг шубҳаларига ғазаб билан жавоб қайтарган.

Аввалроқ британиялик аудиторлар туркман газ заҳиралари аввал тахмин этилганидан ҳам кўпроқ, 13.1 билан 21.2 триллион кубометр ўртасида эканини маълум қилишганди.

Ушбу рақам Туркманистонни табий газ заҳиралари бўйича дунёдаги тўртинчи йирик давлатга айлантиради.

Аммо "Газпром" ширкати ижрочи директорининг ўринбосари Алексей Лебедев Gaffney, Cline & Associates аудиторлик ширкатининг ҳисоб-китобларини савол остига олган.

Жаноб Медведевга кўра, совет даврида ўтказилган сейсмик тадқиқотлар Туркманистондаги заҳираларнинг анчайин кичик эканини кўрсатган.

"Бу каби ҳажмдаги заҳиралар мавжуд, деб баёнот беришга ассос йўқ", деб айтган Россия телеканалига берган интервюсида "Газпром" мулозими.

'Вазиятни бузиб кўрсатиш'

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги жаноб Медведевнинг баёнотини "мутлақо нотўғри" дея баҳолаган.

"Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги жаноб Медведевнинг баёнотини Туркманистоннинг табиий заҳиралар салоҳияти, жумладан, газ заҳиралари билан боғлиқ ҳаққоний вазиятни бузиб кўрсатишга уриниш, деб баҳолайди", дейилади шанба куни эълон қилинган баёнотда.

Расмий Ашхобод газ заҳираларининг энг катта ҳажми 26 триллион 200 миллиард кубометр экани ва у Туркманистонни дунёда иккинчи ўринга қўйиши"ни айтган.

Туркманистон газ экспортини турфахиллаштириш ва Россияга қарамликдан қутулишга интилиб келади.

Ашхобод ҳозирнинг ўзида Хитойга газ экспорт қилишни бошлаган.

Президент Бердимуҳаммедов туркман газини Оврўпога сотиш ниятида эканликларини тасдиқлаган.

Оврўпо Иттифоқининг "Набукко" газ қувури лойиҳаси туркман газини Оврўпога олиб чиқиш орқали Россияга қарамликни камайтиришни назарда тутади.

Янги газ қувурлари Туркманистонга ўз газини юқорироқ нархда сотиш имконини беради.

Президент Бердимуҳаммедов Йолотан, Усмон ва Минорадаги янги газ конлари мажмуини "Уйғониш" деган ягона ном остида бирлаштириш ҳақидаги буйруқни имзолаган.