Россия: 'Марказий Осиё давлатлари билан виза тартиби имконсиз'

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Жаноб Ромодановский тожик маҳкамасининг қарори билан муҳожирларнинг чиқариб юборилиши ўртасида боғлиқлик борлигини рад этган

Россия Федерал Муҳожирлик Хизмати раҳбари Константин Ромодановский Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Тожикистон билан виза тартиби жорий этиш "имконсиз" эканини айтган.

Унга кўра, жорий визасиз борди-келди тартиби демографик омиллар билан боғлиқ.

Жаноб Ромодановскийнинг айтишича, Россия иқтисодининг рисоладагидек ишлаши учун йилига 330 минг меҳнат муҳожирига эҳтиёж бор.

ФМХ раҳбари Овросиё иқтисодий ҳудуди яратилаётган бир пайтда виза тартиби ҳақида "яхши ўқимаган" одамгина гапириши мумкинлигини айтган.

Тожикистон маҳкамасининг россиялик учувчиларни маҳкум этиш қарори ортидан бошланган мунозараларда Марказий Осиё давлатлари билан виза тартибини жорий этишга чиқариқлар янграганди.

Айни можаро манзарасида Дума Россияда ишлаётган хориж фуқароларига рус тилини ўрганишни мажбурий қилувчи қонунни қабул қилган.

Ноқонуний муҳожирлар

Россия Муҳожирлик Хизмати раҳбари тожик меҳнат муҳожирларининг қўлга олиниши билан ўтган ҳафта озод этилган россиялик учувчи Владимир Садовничийга нисбатан чиқарилган ҳукм ўртасида боғлиқлик борлигини рад этган.

Жаноб Ромодановскийга кўра, ноқонуний муҳожирларни аниқлаш ва мамлакатдан чиқариб юборишни кучайтириш амалиёти анча аввал бошланган.

Унинг билдиришича, шу йил январидан сентябригача 4 минг, сентябр ойидан ҳозирга қадар эса 8 мингга яқин ноқонуний муҳожирлар қўлга олинган.

Федерал Муҳожирлик Хизмати раҳбарининг маълум қилишича, ҳозирда махсус марказларда 1700 нафар муҳожир ушлаб турилибди ва уларнинг учдан бир қисми Тожикистон фуқароларидир.

"Агар маҳкама лозим топса, уларнинг ҳаммаси ватанларига чиқариб юборилади", деган Россия мулозими.

Жаноб Ромодановский меҳнат муҳожирлари билан Россиядаги жиноятчилик ўртасида боғлиқлик борлигини рад этган.

Унга кўра, муҳожирлар томонидан содир этилаётган жинотялар мамлакатдаги умумий жиноятларнинг 3.4 фоизини ташкил этади, холос.

ФМХ раҳбари аввалроқ жиноий кўрсаткичлар бўйича тожикистонлик муҳожирлар биринчи ўринда туришини айтган эди.

Жаноб Ромодановскийнинг билдиришича, ноқонуний муҳожирлар Россия иқтисодига сезиларли зарба бермоқда.

ФМХ ҳисоб-китобларига кўра, ноқонуний муҳожирлар туфайли Россия йилига 40 миллиард рубл миқдоридаги солиқ тушумларини йўқотмоқда.

Мажбурий қадам

Айни пайтда Тожикистон Россиянинг босими остида Rolkan ширкати учувчиларини озод этишга мажбур бўлганини эътироф этган.

Би-би-си билан суҳбатда Тожикистон Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар институти директорининг ўринбосари Сайфулло Сафаров Москва "мисли кўрилмаган даражада" босим ўтказганини айтган.

"Душанбеда бу масалани қонуний йўлда ҳал қилишмоқчи эди. Ҳеч кимнинг суд ишига аралашишга ҳаққи йўқ эди", - дейди тожик мулозими.

Жаноб Сафаровнинг айтишича, учувчилар атрофидаги можаро икки давлат ўртасидаги стратегик муносабатларга дарз етказган ва "унинг таъсири ҳали узоқ вақт сезилиб туради".