Газга бой Туркманистон Россияга қарамликдан қутулиб, Хитойга қарам бўлиб қолмайдими?

Image caption Хитой ўз таъсир майдонини муваффақият билан кенгайтирмоқда

Пекинда ўтган олий даражадаги туркман-хитой музокаралари ортидан Туркманистон Хитойга сотадиган газ ҳажмини яна 25 миллиард кубометрга кўпайтирган.

Аввалги битимга мувофиқ, Туркманистон Хитойга йилига 40 миллиард кубометр газ етказиб бераётган эди.

Шундай қилиб, Туркманистоннинг Хитойга газ экспорти ҳажми Ўзбекистон ишлаб чиқарадиган йиллик газ миқдоридан ошиб кетган.

Хитойга узанган газ қувури Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудидан ўтади.

Ўзбекистон айни қувур орқали Хитойга газ экспорт қилиш истагида эканини билдирган.

Сўнгги битим энергияга ташна Хитой ва газга бой Туркманистон учун нимани англатади?

Би-би-сига бу борада Лондондаги Шарқ ва Ғарб тадқиқотлари институтидан Нажам Аббос билан суҳбатлашди.

Аббос: Бунинг ортида турган бир қатор стратегик омиллар бор. Биринчиси, Туркманистон иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлмоқчи. Аввал бўлганидек қувур йўллари, технология ва газ саноатининг бошқа соҳаларининг аксарида Газпромга қарамликдан қутулмоқчи. Айни вақтда Хитойда газга талаб ошмоқда. Ҳудди ана шу манзарада Оврўпо томонидан ҳам газ учун рақобат юз бермоқда. Хитой ўзига эътиборни тортиш учун Туркманистондаги газ соҳасига анчайин катта сармояларни таклиф қилди. Россия эса бу даражада қизиқиш ёда сармоя ётқизишга интилишни намоён қила олмади. Хуллас, Россия Туркманистондан арзон газ сотиб олишни хоҳлайди, лекин Хитойчалик сармоя ётқизишга ёда газ соҳасини ривожлантиришда иштирок этишга тайёр эмас. Ана шу жиҳатдан Туркманистон учун Хитой анчайин жозибалироқ ҳамкор. Бундан ташқари Хитой Туркманистон қишлоқ хўжалиги ва маҳсулотларига ва яна қатор соҳаларга ҳам сармоя ётқизиш хоҳишини билдирган.

Би-би-си: Лекин, Туркманистон Россияга қарамликдан қутулиб, Хитойга қарам бўлиб қолмайдими энди?

Аббос: Менимча, бу икки томонлама жараён. Хитойнинг газга талаби йилдан йилга ошиб бормоқда. Хитой Россияни четлатиш мақсадида яхшироқ таклифлар ва кўпроқ сармояларни ваъда бериб келмоқда. Менимча, Туркманистон учун газ йўлларини турфахиллаштириш анчайин муҳим масала, шунинг учун пастроқ нархда бўлса ҳам Хитойга газ сотиш афзал кўрилаётган бўлиши мумкин.

Би-би-си: Набукко газ қувури қурилганидан сўнг Туркманистон ғарбга кўпроқ газ сота бошлайдими?

Аббос: Йўқ, ҳозирги битимлар Туркманистонни газ йўналишларини ғарбга эмас шарққа, яъни Хитой томонга қаратишга йўналтирилгандир. Газ учун рақобат кучайиб, айни вақтда Оврўпо давлатлари турли молиявий ва иқтисодий муаммоларга юз тутаётган эканлар, Хитой ўзида мавжуд молиявий имкониятлар туфайли бошқалардан устунроқ мавқеда бўлиб, ўзининг газга талабини Туркманистон каби ишончли манбадан қониқтирмоқчи.

Би-би-си: Яқинда Британия ширкатларидан бири ўтказган аудит натижалари Туркманистоннинг газ ишлаб чиқариш имкониятлари ҳақида ижобий башорат берганди. Аслида Туркманистон ҳозирда қанча газ ишлаб чиқара олади, бу маълумми?

Аббос: Туркманистон жанубидаги Йолотан газ заҳираси ҳажми 15-20 триллиондан ҳам ошиқроқ бўлиши мумкинлиги борасидаги тахминлардан сўнг газ миқдорини қайта ҳисоблаб чиқишга ҳаракат қилинган. Бу тахминлардан аввал Туркманистон 2012 йилга қадар газни жорий 17 миллиард кубометрдан 40 миллиард кубометрга етказиши мўлжалланганди. Энди 2015 йилга қадар 65 миллиард кубометрга етказиши мумкинлиги айтилмоқда.

Би-би-си: Туркманистон газ соҳасига ҳозирда фақатгина Хитой сармоя ётқизмоқда экан. Масалан, Қозоғистонда турли халқаро ширкатларни кўриш мумкин, Туркманистон учун фақатгина Хитойга суяниб қолиш хавфли эмасми?

Аббос: Фикримча, туркман расмийлари ўз имкониятларини анчайин оқилона йўлда ўлчаб кўраяптилар. ТАПИ қувур йўли номи билан танилган Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистога қадар узалувчи қувур йўли эҳтимоли ҳам кўриб чиқилмоқда. Эрон ҳам Туркманистондан анчагина газ сотиб олади. Хуллас, Туркманистон фақатгина Хитойга суяниб қолаётгани йўқ, менимча.

Би-би-си: Туркманистон Хитойга кўпроқ газ етказиб бериши айтилаётган экан, бу миқдорда газни ўз ҳудудидан ўтказишга рухсат бериб Ўзбекистон каби давлатлар ҳам бундан фойда кўради деб ўйлайсизми?

Аббос: Минтақавий жиҳатдан қаралса, ҳудуддан қанча кўп газ ўтказилса, шунча кўп ҳақ олинади. Газ қувурлари фаолиятини таъминлаб туриш учун эса маҳаллий ишчилар, муҳандислар ва мутахассилар ёлланади. Хуллас, бу ҳолат Ўзбекистон ва Қозоғистон каби давлатлар иқтисодига билвосита ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.