Қозоғистон президенти илк бор ўзининг янги маслаҳатчиси Тони Блейр билан учрашди

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Британияда нашр этилувчи нуфузли газеталарнинг хабар беришича, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев яқинда "8 миллион фунт стерлинг"га ишга ёллаган янги маслаҳатчиси, Британия собиқ Бош вазири Тони Блейр билан учрашган.

Хабарларга кўра, икковлон илк мулоқотларини Остонада, Оқ Ўрдада олиб боришган.

Ўтган ой эълон қилинган келишувга мувофиқ, жаноб Блейр қозоқ ҳукуматига Қозоғистоннинг халқаро миқёсда обрўсини ошириш ва бутун Оврўпо бўйлаб бизнес алоқаларини йўлга қўйишда ёрдам беради.

Хабарларга кўра, Британиянинг собиқ Лейборист Бош вазири бунинг учун ҳукуматдалиги пайтида ўзи билан бирга ишлаган таниқли сиёсатчилар Алистер Кэмпбелл ва Жонатан Пауэлл билан бирга маслаҳатчилар гуруҳини тузган.

Британ нашрларининг ёзишича, Қозоғистон президентига беражак маслаҳатлари учун Тони Блейрга йилига 8 миллион фунт стерлинг ҳақ тўлашга келишилган.

Аммо жаноб Блейрнинг идораси ушбу хабарларни савол остига олиб, собиқ Бош вазирнинг ушбу битимдан шахсий даромад кўрмаслигини баён қилганди.

Мулозимларга кўра, икковлон ўз учрашувлари чоғида Қозоғистон иқтисодини замонавийлаштиришга оид кенг миқёсли дастур ишлаб чиқиш масаласида сўз юритишган.

Шунингдек, улар Оврўпо Иттифоқи ва Яқин Шарқдаги вазиятни ҳам муҳокама этишган.

Қозоғистон томонига кўра, Тони Блейрнинг маслаҳатлари бебаҳо ҳамда у сиёсий ва иқтисодий масалаларда Қозоғистонга яхши-яхши маслаҳатлар бериши мумкин.

Аммо Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволни назарда тутиб, жаноб Блейрнинг президент Назарбоевга маслаҳатчи бўлиши британ матбуотининг кескин акс-садосига сабаб бўлганди.

"Файнэншл Таймс" каби Британияда чоп этилувчи нуфузли нашрлар "Блейр Қозоғистоннинг ҳуснига оро бермоқда", каби мақолалар билан чиқишганди.